23 июнь куни кечқурун «Разгрузка Вагнера» Telegram каналида Украинага қарши урушда Россия тарафдори бўлган Евгений Пригожин бошчилигидаги қуролли тузилма — Вагнер хусусий ҳарбий компанияси лагерига ракета ҳужумининг тахминий оқибатлари акс этган видео эълон қилинди.

Видеода айтилишича, зарба Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари томонидан берилган. Мудофаа вазирлиги бунинг ёлғон ва ахборот провокацияси эканини таъкидлади.

Евгений Пригожиннинг билдиришича, мақсадли зарба «кўп сонли жангчилар»нинг ўлимига сабаб бўлди. У шундан сўнг Россия армияси раҳбариятига қарши исён бошланганини эълон қилди. У, хусусан, шундай деди: «Биз 25 минг нафармиз ва мамлакатда нима учун тартибсизликлар содир бўлаётганини аниқлаймиз». ХҲК «мамлакат ҳарбий раҳбарияти олиб бораётган ёвузликни тўхтатишга» қарор қилди, деди Пригожин. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳақида гапирар экан: «Бу махлуқ тўхтатилади», — деди.

Пригожиннинг матбуот хизмати тарқатган баёнотида айтилишича, бу «ҳарбий тўнтариш эмас, балки адолатнинг юришидир».

Пригожиннинг баёнотидан сўнг Федерал хавфсизлик хизмати (ФХБ) қуролли исёнга даъват қилиш факти бўйича жиноий иш очди. Бу 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Россия бош прокурори президент Владимир Путинга қуролли исёнга уриниш бўйича иш қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Тахминан соат 2 ларда Пригожин ХҲК Ростовга кираётганини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, россиялик ҳарбийларнинг аксарияти уларни қўллаб-қувватламоқда, «чегарачилар уларни қучоқ очиб кутиб олган», учувчилар эса буйруққа риоя қилишдан бош тортган ва ХҲКга ҳаводан ҳужум қилган. Кейинчалик у ХҲКга ҳужум қилган вертолётлардан бири уриб туширилганини хабар қилди. Сўнг иккинчи вертолёт ҳақида ҳам эълон берилди. Ушбу маълумот тасдиқланмаган.

Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони, армия генерали Сергей Суровикин Вагнер ХҲКни «колонналарни тўхтатишга, уларни доимий дислокацияларига қайтаришга» чақирди.

Эрталаб Ростов марказидаги барча маъмурий бинолар ҳарбийлар томонидан ўраб олинган, деб ёзади The Bell. Расмийлар фуқароларга уйларида қолишни тавсия қилди. Бироқ ҳамма ҳам тавсияларга амал қилмади: шаҳардан олинган видеоёзувларда одамлар кўчаларда сайр қилаётгани ва телефонларида ҳарбийларни суратга олаётгани акс этган.

Пригожиннинг билдиришича, Вагнер ХҲК қирувчилари Ростовдаги барча ҳарбий объектларни, шу жумладан, аэродром ва Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини назорат қилмоқда. Кейинчалик Reuters агентлиги Вагнер Воронеждаги барча ҳарбий объектларни эгаллаб олгани ҳақида хабар берди.

вагнер, евгений пригожин, россия

Фото: «Разгрузка Вагнера» Telegram канали

Вагнер ХҲКга яқин бўлган Grey Zone Telegram канали Пригожиннинг Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасида мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров билан бирга ўтирган видеони эълон қилди.

«Биз бош штаб бошлиғи ва Шойгуни қўлга киритмоқчимиз. Унгача биз шу ердамиз, Ростов шаҳрини тўсиб, Москвага борамиз. Йигитлар шу ерда бўлишади», — деди Пригожин Евкуровга.

вагнер, евгений пригожин, россия

Фото: Meduza.

Давом этаётган воқеалар фонида Россиянинг қатор ҳудудларида, жумладан, Москва ва Москва вилоятида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Москва мэри Сергей Собянин «аксилтеррор тадбирлари» ўтказилишини маълум қилди. Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган режимга ўтди, ФХБ ходимларига уйда қолиш буюрилди, кўпчилик хизматга чақирилди, дея таъкидлади РБК манбаси.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина Пригожиннинг провокациясидан фойдалангани ва ҳужумга тайёргарлик кўраётганини билдирди. Ҳужжатда Вагнер ХҲК жангчиларига мурожаат қилинди ва улар «Пригожиннинг жиноий қилмишлари ва қуролли қўзғолонда иштирок этишига алданганликлари» қайд этилди.