Ранглар инсоннинг эмоционал аҳволидан дарак беради. Феруза Шоджонова шу кунларда ёрқин, кайфиятни кўтарувчи ранглар шайдоси — бунга у тўқиган этаги сариқ, шляпаси сиёҳранг ва кўйлаги яшил қўғирчоқлар гувоҳ. Болалигида ўзи кўрмаган тоғларнинг суратини солишни ёқтирган 44 ёшли суҳбатдошимиз, рассом бўла олмаганини ҳисобга олмаса, бошқа деярли барча орзуларига эришаётгани, ҳаётдан нолимаслигини айтади.

Аслида унинг касб борасидаги орзуси ҳам маълум маънода ушалган — палитра ўрнига иплар, мўйқалам ўрнига «крючок» ва «спица» билан бир вақтлар асосан оқ ва қора ранглардан иборат бўлган ҳаётига мусаввир каби турфа жилолар беролган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.

Ташхис

Лабзаклик Мухтабар аянинг уч фарзандидан икки тўнғичи — катта қизи Муҳаббат ва ўртанчаси Ферузага дунё бўйича ҳар 6−10 минг боланинг бирида учрайдиган орқа мушак атрофияси (СМА)нинг Вердниг-Гоффман тури ташхиси қўйилган. Шифокорларнинг: «Қизларингизнинг зеҳнияти ўта юқори — бу борада ташвишга тушмасангиз ҳам бўлади», деган гапидан Мухтабар ая бироз овунган бўлса-да, бу камёб касаллик билан фарзандларининг узоқ яшаш эҳтимоли камлигини билиб, ўзини қўярга жой тополмай қолган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Шундай оғир дамда бегоналар қолиб, қон-қариндошлардан бирининг: «Ҳали ёшсиз, бу болаларни топшириб юборинг», деган гапи эса ҳаммасидан ошиб тушган. «Болаларим ўзини эплашга қийналади, деб уларни интернатга топширишга-да иккиланиб турган вақтим одамлар қандай қилиб боладан воз кечиш ҳақида гапирганига ақлим бовар қилмайди», — деб алам билан қийинчилик дамларини ёдга олади она.

Мухтабар ая ўзим қанча яшасам ҳам, болаларим қанча яшаса ҳам уларга ўзим қараб, ўзим билим бериб, ўзим даволатаман деб бел боғлайди. Қизлари мактаб ёшига етганида уйга қатнаб дарс ўтадиган ўқитувчи ажратишларини сўраб, халқ таълими бўлимига мурожаат қилади. Улар онани бир мактабга юборади, у мактаб эса бошқа бир мактабга беҳуда овора қилиб жўнатади. «Пулини ҳам тўлашга розиман» деса-да, «ўзи кадр кам» деб, мактаблар ўқитувчи ажратмайди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Охири 65-мактабга юборишди. Аҳволимни тушунтирдим — икки қизим ногирон, доимий қаровга муҳтож, шунинг учун уйга ўқитувчи олмоқчиман, ҳарфларни, ёзув-чизувни ўргатса кифоя, дедим. Аёлнинг дардини аёл тушунмаган бир вақтда эркак директорнинг: „Ҳужжатларни олиб кетаверинг, мен ўзим ҳаракат қилиб бераман“, деган гапидан қанчалик қувонганимни тасаввур қилолмайсиз», дея эслайди Мухтабар ая.

65-мактаб директори ваъдасида туриб, бир ҳафтадан сўнг Мухтабар аянинг хонадонига математика, рус ва ҳатто француз тили ўқитувчиларини юборган. Аянинг ўртанча қизи Феруза: «Нима, биз Францияга борармидик, француз тили бизга нега керак?!», дея жуда ҳайратланган. Қизларнинг ҳар иккиси ўта қизиқувчан, илмга чанқоқ эди; устозлари: «Бутун бир синф ўқувчиларим орасида бундай тиришқоқлар йўқ», деб қизларини кўп мақтаганини Мухтабар ая ширин хотира билан эслайди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Муҳаббат билан Феруза бир-бирига жуда ўхшар, асосий фарқи — тўнғич қиз одамларнинг гап-сўзини ичига ютиб, хонасидан чиқмас, иккинчиси эса, аксинча, кўчага чиқиб ўйнашни ёқтирар, кимдир хафа қилгудек бўлса, адабини беришдан ҳам қайтмас, бир сўз билан айтганда — ҳаётга ташна эди.

Ўрни келганда. Феруза Шоджонова шаҳардаги инфратузилма, бинолардан фойдаланиш барча учун, аввало, ногиронлиги бор шахслар учун қулай ва мослаштирилган бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Хизматлар кўрсатиладиган барча муассасалар қонунчиликда белгиланганидек пандус ва лифтлар билан таъминланса, тротуарлар аравачаларда ҳаракатланиш учун тўла мослаштирилса, жамоат транспорти ва унинг инфратузилмаси белгиланган талабларга мувофиқ ҳолга келтирилса, Феруза опа ва у каби ногиронлиги бўлган шахслар бажонидил кўчаларга чиққан, эркин ҳаракатланган бўларди. Бу каби имкониятлар «сўраб олиниши» керак эмас, масъуллар бу борадаги муаммоларни кўрмаганликка олишни бас қилиши лозим.

Афсуски, Муҳаббат 15 ёшга тўлар-тўлмас ҳаётдан кўз юмган. Улғайгунича ота-онасига хасталиги ҳақида бир оғиз савол бермаган, ҳаётдан шикоят қилишни ёқтирмайдиган Феруза эса бир деганда ҳам опаси, ҳам дугонаси, ҳам синфдоши ва сирдошидан айрилган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Мухтабар аянинг эслашича, Феруза опа бу айрилиқдан анча вақтгача ўзига келолмай юрган, опасининг нарсалари турадиган шкафни очишга анча вақтгача қўли бормаган. Бу йўқотишни енгиб ўтишда унга севимли машғулоти — тўқиш малҳам бўлган.

Малҳам

Тўқиш Феруза опанинг ҳаётига мактаб дастури билан бирга кириб келган — Мухтабар аянинг қизларига тўқишни улар уйда ёлғиз ўзи зерикмасин дея рус тили ўқитувчиси Валентина Павловна ўргатганди. Ҳар қандай иш билан мунтазам шуғулланаверсанг, унинг сир-асрорларини — масалан, тўқишда кийимлар қаттиқ, ўйинчоқлар эса юмшоқ ипдан яхшироқ чиқишини билиб борасан. Феруза опа анча уста тўқувчи бўлиб, бу иш билан мунтазам шуғуллана бошлаганига 18 йил бўлган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Бир тўп момиқ ипни турфа кийим-кечак ё ўйинчоққа айлантириш имконини берувчи жараён асосан уч жуфти фаол, қолган иккитаси эса бироз дангасароқ бармоқлар вальсига ўхшайди. Опанинг тушунтиришича, бир дона юмшоқ ўйинчоқни битириб, тайёр қилиш учун бармоқлар тахминан бир ойча шундай «рақс»га тушиши керак.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

У дастлаб асосан қариндошлари учун нарсалар тўқиб берган бўлса, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали буюртмалар ҳам олади: бир ойда уч-тўртта буюртма тушади, масалан, қишда талаб асосан қалин кийимларга бўлади. Унга ранг-баранг ип ва тўқиш анжомларини онаси етказиб беради — токи қизи севимли машғулоти билан шуғулланиб, завқ олсин. Натижада қиздан кўра она кўпроқ завқ олаётгандек кўринади — Мухтабар ая қизи ўз меҳнати билан топган даромадига қимматбаҳо аравача сотиб олганини худди ўзининг муваффақиятидек зўр бир фахр билан ҳикоя қилиб беради.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Феруза опа одатда кечаси, сокин пайт ишга киришади ва соатлаб шу жараён билан банд бўлади. «Бунга сабрингиз қандай чидайди, юрагингиз сиқилиб кетмайдими?», деган саволга жавоб бераркан, бу унга худди тинчлантирувчидек таъсир қилиши, ўй-фикрларини саранжомлашга имкон беришини айтади.

«Энг яхши давр»

Қанча яшашдан кўра қандай яшаш муҳимроқ, деб ҳисоблайди Феруза Шоджонова. Болалигидан интилувчан ва янгиликка ташна эмасми, аввалига тўқувчилик курсларига қатнаб, бор билимини мустаҳкамлаб, билмаганларини ўрганган. «Одам ўрганганини, билимини бошқалар билан бўлишиши керак» — бу ҳам опанинг ҳаётий қоидаларидан бири. Шу боис кейинчалик ўзи устоз сифатида икки курс шогирд ҳам тайёрлади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Ногиронлиги борларга билганларимни ўргатдим. Натижаси ёмон бўлмади, шекилли — уч ой давом этган курсларда 20 га яқин киши ҳунарли бўлди. Ҳозир улар ҳам буюртма олиб, ўзини-ўзи таъминлаяпти, кўп бўлмаса-да даромад қиляпти, кўргазмаларга чиқаётганлари ҳам бор», — дейди у.

Кўргазмалар деганга — унинг ўзи ҳам тўқиган кийимлари, ясаган ўйинчоғу қўғирчоқларини кўргазмаларга олиб чиқади. Шунча ҳунармандлар турганида одамлар унинг ишларига алоҳида эътибор ва қизиқиш билдираётгани, янги танишлар орттириш имконияти борлиги, хусусан, хорижликлар билан мулоқот қилиш мумкинлиги учун кўргазмаларни яхши кўради.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ҳар якшанба отаси уни ўз машинасида санъат студиясига олиб боради. «У ерда ўзим сингари ўртоқларим кўп. Бирга саҳнага чиқамиз, улар билан суҳбатлашсам, кўнглим ёзилади. Устозларим Саодат Собиржонова, Самандар Бозоровдан санъат сир-асрорларини ўрганиш ҳам ёқади», — дейди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ҳунарманд Феруза опа ижтимоийлаша олгани, бундан ўзини яхши ҳис қилаётгани учун ҳаётининг ҳозирги даврини болалигидан ҳам яхшироқ деб ҳисоблайди. Унинг ҳар қандай инсонга аввало шахс деб қараш лозимлиги, барчага тенг имкониятлар тақдим этилса, исталган одам ўз салоҳиятини тўла намоён қила олиши ҳақидаги фикрларига қўшилмаслик мумкин эмас. Зотан, унинг ўзи бунга зўр мисол.