2023 йилнинг тўртинчи чорагида Россиянинг «Газпром» компанияси Ўзбекистонга Қозоғистон орқали «Марказий Осиё — Марказ» (САС) қувури билан газ етказиб беришни бошлайди.

«Коммерсантъ» маълумотларига кўра, гап йилига қарийб 6 млрд ёки кунига тахминан 18 млн куб метр газ етказиб бериш ҳақида бормоқда. Етказиб бериш ҳажмлари ҳар йили янгиланади.

Ўзбекистоннинг ўзи қазиб чиқарган гази қишда энг юқори истеъмолни қоплаш учун етарли эмас, деб ёзади нашр. Таҳлилчиларга кўра, «Газпром»дан 6 млрд куб метр сотиб олиш эвазига Ўзбекистон ўз эҳтиёжларини қондириши мумкин, бироқ бу Хитойга газ экспорти бўйича шартномани тўлиқ бажариш учун етарли бўлмайди. «Газета.uz» Энергетика вазирлиги матбуот хизматига сўров юборди.

Қишда Ўзбекистон аномал совуқлар ва газ танқислиги, шунингдек, Туркманистондан газ етказиб бериш тўхтатилиши натижасида энергетика инқирозига дуч келди. Мамлакатда 85 фоиздан ортиғи газ билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияларида газ йўқлиги сабабли электр энергиясида катта узилишлар юз берди. Шунингдек, иситиш ва газ таъминотида узилишлар кузатилди.

Ўзбекистоннинг ўзи қазиб чиқараётган газ захиралари тугаётгани туфайли камайиб бормоқда. Хусусан, қишда истеъмол энг юқори чўққисига чиққанида кунига 20 млн куб метргача газ етишмовчилиги кузатилди. 2022 йилда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 4 фоизга камайиб, 51,7 млрд куб метрни ташкил қилди, Хитойга «мовий» ёқилғи экспорти эса қиймат жиҳатидан 1 млрд доллардан ошди. 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 56,3 млрд куб метрга етказиш режалаштирилган, бироқ январь-апрель ойларида ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга камайди.