Яқинроқ трансчегаравий ҳамкорлик ва Марказий Осиё ҳамда унинг қўшниларида савдо сиёсатини ислоҳ қилиш савдо ва қиймат занжирларидаги углерод изларини — дунёнинг ишлаб чиқариш учун энергияни энг кўп талаб қиладиган минтақаларидан бирида ортиб бораётган эмиссия манбаини қисқартириши мумкин.

Бу ҳақда Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) расмий вакиллари банкнинг 57-йиллик йиғилишида маълум қилишди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

«ОТБ томонидан қўллаб-қувватланадиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CAREC) дастури орқали сиёсат ва стандартларни уйғунлаштириш, таъминот занжирларини камроқ углерод талаб қиладиган ва мустаҳкамроқ қилиш билан бирга савдони оширишга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Савдо сезиларли иқтисодий ўсиш ва ривожланишга ҳисса қўшган бўлса-да, углерод чиқиндиларининг кўпайишига олиб келди. Жаҳон савдо ташкилоти маълумотларига кўра, глобал карбонат ангидрид чиқиндиларининг тахминан 20−30% савдо ва таъминот занжирлари билан боғлиқ.

Кўпгина CAREC мамлакатлари электр энергияси, кимё ва тоғ-кон саноати каби эмиссия кўп бўлган тармоқларга ихтисослашган. «Бунинг оқибатида CAREC қўшимча қиймат ишлаб чиқаришда карбонат ангидрид чиқиндиларининг дунёдаги энг юқори улушларидан бирига эгадир», — деб таъкидлади ОТБ.

Банк экспертларининг таъкидлашича, энергия алмашинувида (шамол турбиналаридан электр транспорт воситаларига ва аккумуляторлари) муҳим роль ўйнайдиган катта фойдали қазилма захираларига эга CAREC мамлакатлари қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиб, энергия алмашинувидан келиб чиқадиган имкониятлардан фойдалана олади.

«CAREC мамлакатлари экологик стандартлар ва углерод нархлари сиёсати ортиб бораётган бир шароитда ўз бизнеслари ва ишлаб чиқарувчиларига рақобатбардош бўлиб қолишига ёрдам бериш учун яшил стандартларни ишлаб чиқишда минтақавий ёндашувга муҳтож», — деди ОТБ. «Декарбонизация ва углерод нархини белгилаш бўйича мувофиқлаштирилган минтақавий сиёсат ресурслардан самарали фойдаланишга, иқтисодий интеграцияни кучайтиришга, «углерод оқиши»ни камайтиришга ва технология трансферини оширишга олиб келиши мумкин».

«Тараққиёт бўйича ҳамкорлар кўмагида CAREC иқлим билан боғлиқ соҳани молиялаштиришни кўпайтириш устида ҳам ишламоқда, бу эса мамлакатларнинг тоза энергияга ўтишини тезлаштиришга ва иқлим ўзгариши таъсирига чидамлилигини кучайтиришга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё минтақавий ҳамкорлик бўйича раҳбари Лязиза Сабирова.

CAREC Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Осиё мамлакатлари ва бошқа ҳамкорларнинг барқарор ривожланишга кўмаклашиш, иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва қашшоқликни камайтириш учун биргаликдаги ҳаракатига қаратилган дастур саналади.