Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-апрель ойларида газ қазиб олиш ҳажми 16,26 миллиард куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга ёки 1,69 миллиард куб метрга камайди, дея хабар берилмоқда Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқаришга оид маълумотларида.

Январь ойида 4,31 млрд куб метр (2022 йил январига нисбатан -7,5%), февралда 3,85 млрд (-9%), мартда 4,16 млрд (-12,96%) газ қазиб олинди. Апрель ойида 3,94 миллиард куб метр газ қазиб олинди (-8,1 фоиз). Қайд этиш керакки, 2022 йилнинг январь-апрель ойлари учун ишлаб чиқариш ҳажми янги ҳисоботда пастга — 18,01 миллиарддан 17,96 миллиард куб метргача тушган.

Тўрт ойда электроэнергия ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга ёки 993,5 миллион киловатт/соатга камайган — 24,98 миллиард киловатт/соатдан 23,99 миллиард киловатт/соатга пасайиш. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилдан буён бу даврда электр энергияси ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилмаганди.

Январь (-2%), февраль (2,3%) ва март (-1,7%) ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш пасайганидан сўнг апрель ойида ишлаб чиқариш 5,4% га ўсди.

Январь-апрелда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш 11,6 фоизга (апрелда ўсиш 27,6 фоизга), газ конденсати 7,7 фоизга камайган. Нефть қазиб олиш 4,3 фоизга ошган, бироқ апрель ойида бироз пасайиш кузатилган (2,8 фоиз).

Кўмир қазиб олиш апрель ойида 9,7 фоизга ошган, бироқ йил бошидан буён умумий ҳажмда 1,59 миллион тоннадан 1,47 миллион тоннагача (-7,4 фоиз) камайган. Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни бўлиб ўтган йиғилишда кўмирга бўлган талаб 1,5 баробар ошишини таъкидлаб, ишлаб чиқаришни 22,6 фоизга ошириб, 6,5 миллион тоннага етказиш вазифасини қўйганди.

«Газета.uz» аввалроқ табиий газ учун солиқ ставкалари 3 баробар, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар камайтирилгани туфайли Ўзбекистон давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 миллиард сўм солиқ тушмагани ҳақида ёзган. Шу билан бирга, ўтган йили газ қазиб олиш 4 фоизга, газ конденсати 2,8 фоизга камайган. Нефть қазиб олиш атиги 1,8 фоизга ошган.

Аввалроқ Ўзбекистон нефть-газ конларида қайси компаниялар ишлаётгани ҳақида батафсил маълумот бергандик. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Озодлик» радиоси суриштирувига жавобан аввалроқ 294 та коннинг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли, 176 таси эса хорижий компанияларга қарашли эканини айтганди.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг катта тасдиқланган захираларнинг энг каттаси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан бошқарилган — 934,1 миллиард куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи). «Лукойл» 413,1 миллиард куб метр газ (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 миллиард куб метр (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 миллиард куб метр (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозир Saneg) — 84,9 миллиард куб метр (4,5%). Ишлаб чиқаришнинг катта қисми ҳам «Ўзбекнефтгаз» ҳиссасига тўғри келган.