Тошкент шаҳрининг айрим туманларида газ босимининг пасайиши сабабли иситишда муаммолар кузатилмоқда, деб хабар берди «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ахборот хизмати.

Таъкидланишича, совуқ об-ҳаво сабабли иссиқлик ташувчининг (иссиқ сув таъминоти ва иситиш) параметрлари пасайган, бу эса шаҳарда газ босими пасайиши билан боғлиқ ҳолат ҳисобланади.

Шаҳарнинг баъзи туманлари аҳолиси «Veolia Energy Tashkent» МЧЖга мурожаат қилиб, иссиқлик таъминотидаги муаммолар тўғрисида хабар бермоқда. Кризис холатларни енгиб ўтиш ва шаҳар аҳолисини ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилмаларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаш учун энергоресурслар етказиб берувчилар билан «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК мутахассислари кечаю-кундуз ишламоқда, — дейилади хабарда.

Газ таъминоти корхоналари — айрим йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш хажмларини қисқартириш ва аҳоли, электр ва иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар («Тошкент иссиқлик маркази» ДУК, «Тошкент ИЭС» АЖ и «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК) ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газни биринчи навбатда етказиб бериш чораларини кўрмоқда.

Иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар — шаҳар иссиқлик энергиясининг 90 фоизини ишлаб чиқарадиган иссиқлик марказларининг самарадорлигини сақлаб қолиш, гидравлик режимнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик учун берилаётган иссиқлик энергияси босимини тиклашга ҳаракат қилаётгани айтиб ўтилган.

Электр таъминоти корхоналари — «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХКга қарашли ижтимоий соҳа объектлари бўлган ва шаҳар иссиқлик энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқарадиган махаллий қозонхоналарни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун иш олиб борилаётгани таъкидланган.

Совуқ об-ҳаво мавсумида зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергиясини етказиб бериш учун тўловлар амалдаги қонунчилик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади, — дея эслатиб ўтилади хабарда.

Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ босимининг кескин пасайиши кутилаётганди. Бу ҳақда 12 январь куни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев туманлар ҳокимлари ва бошқа масъул раҳбарларга аудиомурожаатида маълум қилган.

«Агар бугун туриб бермасак, эртага кеч бўлади. Бугун биз давлатга керакмиз. Агар бугун бу ишни қила олмасак, бир тийинга ярамас ҳокимлар, бир тийинга ярамас сектор раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари бўламиз», — деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ҳавонинг аномал совиши туфайли газ босими пасайганини тасдиқлаган. Бундан ташқари, об-ҳаво туфайли газ қувурларининг шикастланиши кузатилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ аномал совуқ туфайли завод ва бошқармаларнинг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида аварияли ҳолатда тўхташлар кузатилгани хабар қилинганди. Мутахассислар эса газ қазиб олишнинг қисқаришига йўл қўймаслик чораларини кўрган.

Тавсия: Аномал совуқ кунларда уйлардаги иссиқ ҳароратни қандай сақлаш мумкин?