Туркманистон Ўзбекистонга газ експортини босқичма-босқич қайта тикламоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га «Ўзтрансгаз» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ ёзганимиздек, Туркманистон совуқ об-ҳаво туфайли юзага келган техник сабабларга кўра 12 январдан бошлаб Ўзбекистонга газ экспортини тўхтатганди. Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, газ таъминоти тўхтатилишига «Галканиш» газ конденсати кони ичидаги коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлиши сабаб бўлган. Бу кучли совуқларда содир бўлади ва форс-мажор ҳодисадир, деб тушунтирди мутахассислар.

21 январдан эса газ етказиб бериш тикланмоқда. «Ўзтрансгаз» маълумотларига кўра, Туркманистон кунига 4,8 млн куб метр ҳажми билан қайта тиклади, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 12,6 млн куб метргача оширилди.

«Газ етказиб беришнинг кунлик ҳажми босқичма-босқич 16 млн куб метрга етказилади. Совуқ кунлар бошлангунча айнан шунча миқдорда газ етказиб бериларди», — дея қайд этди компания.

19 январь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимухамедов энг йирик газ қазиб олиш кони «Galkynyş» (Галкиниш)га бориб, унинг ишлаб чиқариш ривожи билан танишди, деб хабар берди TDH.

2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Туркманистондан учинчи томонларнинг иштирокисиз табиий газ импортини ошириш бўйича қисқа муддатли келишувга эришганди.