Ўзбекистонда газ қазиб олиш кетма-кет учинчи ойдирки пасаймоқда. «Газета.uz» Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларига эътибор қаратди.

2022 йилда газ қазиб олиш 4 фоизга, яъни 53,8 млрд дан 51,66 млрд куб метрга камайган.

Декабрда ишлаб чиқариш ҳажми 4,35 млрд куб метрни, январда 4,31 млрд, февралда 3,85 млрд кубометрни ташкил этди.

Шундай қилиб, 2023 йилнинг январь-февраль ойларида зангори олов ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга ёки 730,8 млн куб метрга камайган.

Эътиборлиси, февраль ойида ишлаб чиқаришнинг пасайиши (2022 йилнинг февралига нисбатан -9%), аномал совуқлар кузатилган январь ойига нисбатан (ўтган йилнинг январига нисбатан -7,5%) тезлашди.

»газ

Январь-февраль ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга — 12,88 млрд кВт/соатдан 12,6 млрд кВт/соатга камайган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2019 йилдан буён бу ойларда электр энергияси ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилмаган. Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги январь-февраль ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш 4 фоизга ошгани ҳақида хабар берди.

Иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 5,9 фоизга, кўмир 22,4 фоизга, газ конденсати 8,9 фоизга камайди. Шу билан бирга, нефть қазиб олиш 7,6 фоизга ошди.

Умуман олганда, жорий йилнинг икки ойида саноат ишлаб чиқариши физик кўринишда 3,9 фоизга (январда 9,9 фоизга) камайди. Шу билан бирга, йил бошида президент 2023 йилда бу кўрсаткични 14 фоизга ошириш имкониятини таъкидлаган эди.

«Газета.uz» аввалроқ табиий газ бўйича солиқ ставкалари 3, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар пасайтирилгани туфайли давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 млрд сўм солиқ тушмагани ҳақида ёзган эди. Шу билан бирга, газ қазиб олиш 4%, газ конденсати 2,8% га камайди.

Аввалроқ Ўзбекистон нефть-газ конларида қайси компаниялар ишлаётгани ҳақида батафсил маълум қилган эдик. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Озодлик радиоси терговига жавобан 294 та коннинг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли экани, 176 тасида хорижий компаниялар ишлашини қайд этди.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг катта тасдиқланган захиралар — 934,1 млрд куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи) «Ўзбекнетфегаз» компанияси томонидан бошқарилади. «Лукойл» 413,1 млрд куб метр (22,1 фоиз), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 млрд куб метр (5,9 фоиз), Surhan Gas Chemical — 106,6 миллиард куб метр (5,8 фоиз), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Saneg) 84,9 млрд куб метр (4,5%) газ захиралари бўлган конларда ишлаган. Ишлаб чиқаришнинг катта қисми ҳам «Ўзбекнефтгаз» ҳиссасига тўғри келган.