«Миллий тикланиш» партияси президентликка Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллади

«Миллий тикланиш» партияси муддатидан олдинги президентлик сайловида ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллади. «Буни давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарор деб ҳисоблайман», — деди партия етакчиси Алишер Қодиров.

Тошкентни халқ ҳордиқ чиқарадиган шаҳарга айлантирамиз — Шавкат Умурзоқов

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг сўзларига кўра, яқинда шаҳардаги ҳар бир маҳаллада яшил ҳудудлар барпо этилади. «Тошкентга „халқ шаҳри“, „халқ ҳордиқ чиқарадиган шаҳар“ номларини олиб бериш сиёсатини юритамиз», — дейди у.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида ходимларга нега устама тўлангани тушунтирилди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида халқ депутатлари маҳаллий кенгаши қарори билан ҳокимлик, жумладан, ҳоким ва кенгаш девони ходимларининг апрель ойи учун маошларига устама сифатида 306,2 миллион сўм ажратилди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ ходимга устама тайинланган.

Ўзбекистон ИИВ ва Европа Иттифоқи ўзаро тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ўртасида бўлиб ўтган учрашувда «доимий мулоқот ва тажриба алмашишни ривожлантириш», шунингдек, мутахассисларнинг малакасини оширишни мунтазам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бошланғич синфларда Информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик ўқитилади

2023/2024 ўқув йилидан мактабларда билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий этилади: ўқитувчи ўқувчилар ўтилган мавзуларни амалиётда қўллаши, уларнинг танқидий фикрлаши ва материални таҳлил қилишини баҳолайди. Бошланғич синфларда Информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик ўргатилади.

Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади

2024 йил 1 июндан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар мактаб ўқитувчилариникига тенг миқдорда ойлик олади. Шунингдек, давлатга қарашли боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини бериш тартиби ўзгаради.

Прeзидeнт мактаблари янги ўқув йили учун қабул эълон қилди

Президент мактабларига 2023/2024 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 10 июндан 30 июнга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилади.

Сунъий интеллект яратувчилари ўз технологиялари хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди

OpenAI ва Google DeepMind каби технологик компанияларнинг бир гуруҳ олимлари ва раҳбарлари ўз технологиялари хавфини пандемия ҳамда ядро урушига қиёсладилар ва инсониятнинг «йўқ бўлиб кетиш хавфи» ҳақида огоҳлантирдилар.

Сурхондарёдаги савдо дўконида ёнғин содир бўлди

31 май куни тонгда Шўрчи туманидаги 2 қаватли аралаш моллар савдо дўконида ёнғин содир бўлди. Унинг оқибатида бинонинг 2-қавати ёниб зарарланди. Ёнғин сабаби аниқланмоқда.

Тошкентда Қизил китобга киритилган лайлак ва лочинларни ноқонуний сотишга уринган эркак жаримага тортилди

Юнусобод туманида эркак Ўзбекистон Қизил китобига киритилган икки лайлак ва иккита лочинни сотмоқчи бўлди. Қушлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилиб, эркак 3,3 миллион сўм жаримага тортилди.

Сурхондарёда фуқаро ИИБ ходимига болта билан ҳужум қилди

Сариосиё туманида маҳалла раисининг хонадонида жанжал кўтарган фуқаро уйига келган профилактика инспекторига болта билан ҳужум қилди. ИИБ ходими шифохонага етказилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинди.

Тошкентда 11 ёшли қизни ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Тошкентда Cobalt билан тўқнашиб, унинг салонидаги 11 ёшли қизчанинг ўлимига сабабчи бўлган Lacetti ҳайдовчиси 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бухорода йигит футбол пайтида маҳалладошини уриб ўлдирди

Когон туманида 21 ёшли йигит футбол ўйини пайтида маҳалладошини уриб ўлдирди. Воқеага ўзаро келиб чиққан жанжал сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Қашқадарёда 20 ёшли йигит тортишув сабабли 25 ёшли йигитни пичоқлаб ўлдирди

Китоб туманида 20 ёшли йигит ўзаро тортишув сабабли 25 ёшли йигитни қасддан пичоқлаб ўлдирди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган, тергов олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда жарроҳлик амалиёти билан кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш йўлга қўйилиши мумкин. Бу орқали тўр парда билан боғлиқ касалликлар туфайли кўриш қобилияти йўқотган беморларни даволаш мумкин бўлади.

Ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш режа қилинмоқда

Президент Антикоррупция агентлигига Энергетика вазирлиги билан 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. ДХХ, ИИВ ва БП ҳузуридаги департамент электр ва бошқа тармоқларга ноқонуний уланишларга қарши курашади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ўзбекистон таълим тизими яна ўзгарадими?

ММТВ юқори синфларда фанлар сони қисқариши, бошланғич синфлар учун информатика фани киритилиши ва мактаблар бошқарувида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида хабар берди. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалиловнинг ёзишича, таълимдаги ҳар қандай янгилик чуқур ва илмий асосланган таҳлилларга таяниши лозим.

1 июндан нималар ўзгаради?

Тадбиркорлар куну тун савдо қилишига рухсат берилади, энди чақалоқларнинг гувоҳномалари ФҲДЁдан эмас, балки туғруқхонани ўзидан олинади, «Тўмарис издошлари» гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади, қишда талафот кўрган тадбиркорларга берилган кредит таътиллари тугайди — 1 июндан нималар ўзгариши ҳақида.