Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Хакала Тери бошчилигидаги делегация 30 май куни Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Томонлар мамлакатдаги маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот алмашди.

Халқаро терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳвандлик ва трансмиллий жиноятларнинг бошқа турларига қарши курашиш, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Европа Иттифоқи, иив

Бу йўналишда Ички ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилади, хусусан, Марказий Осиёда чегара бошқарувини илгари суриш (BOMCA-10 дастури), Марказий Осиё минтақаси ҳуқуқ-тартибот ходимларининг билимларини мустаҳкамлашда кўмаклашиш (LEICA), Марказий Осиёда гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш (CADAP) ва Мигрантларни ватанига қайтариш (ЕУРЛО).

Мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўқув курсларида 300 дан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Европа Иттифоқи ўртасида «доимий мулоқотни ривожлантириш ва соҳавий лойиҳалар орқали тажриба алмашиш, шунингдек, мутахассисларнинг малакасини оширишни мунтазам ташкил этиш» бўйича келишувга эришилди.