29 май куни соат 22:30 атрофида Когон туманида йигит танишини футбол пайтида уриб ўлдирди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Туманнинг «Сорғун» маҳалласида яшовчи 21 ёшли А.Л. «Нақшбанд» маҳалласида жойлашган мини футбол майдончасидаги ўйин пайтида маҳалладоши ва таниши 27 ёшли Ҳ.О. билан жанжаллашган. Жанжал вақтида унинг юз соҳаси ва танасининг дуч келган жойига уриб тепган.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, унга оғир тан жароҳати етказган. Жабрланган фуқаро Ҳ.О. олинган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан А.Л.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.