Тошкент шаҳрида Cobalt билан тўқнашиб, унинг ичидаги йўловчиси ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Millar дастурида маълум қилинди.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 18 декабрь куни тахминан соат 17:30 ларда 1983 йилда туғилган У.Т. бошқарувидаги Lacetti йўл четидан орқага ҳаракатланаётган 1960 йилда туғилган M.A. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашганди.

ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси У.Т., Cobalt ҳайдовчиси М.А. ва йўловчиси 2011 йилда туғилган M.M. олган жароҳатлари сабаб тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан 2011 йилда туғилган М.М. вафот этган.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, ҳайдовчи воқеа содир бўлган вақтда маст ҳолатда бўлган.

«Қизлик уйимдан дадам билан қайтаётганимда қизимнинг инсулин дориси уйда қолиб кетгани сабаб орқага юраётганимизда бирдан орқадан машина келиб урилди. Орқага қарасам қизим ётибди, дадамни турғаздим, сигнал чалиб, ёрдам сўраб бақирдим. Қизим 3 кун комада ётди, ҳайдовчи оиласидан ҳеч ким олдимга ҳол сўраб келмади», — дейди қизчанинг онаси.

Ҳайдовчи ўз пушаймонлигини билдирди.

«Спиртли ичимликлар дўконига кириб, 250 гр ароқ олдим. Тезликни ошириб чап тарафга ўтгандим, оқ Cobalt орқага ҳаракатланаётган экан, тормоз босишга улгурмадим. Жароҳат олиб, ҳушимни йўқотдим. Пушаймонман, айбимга иқрорман. Керак бўлса тиз чўкиб ҳам кечирим сўрайман», — дейди ҳайдовчи.

Суд ҳайдовчини Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 қисми билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 йил муддатга транспорт бошқарув ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.