Тошкентдаги Экопарк ҳудудида 27 май куни Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан «Пикник маданияти» акцияси бўлиб ўтди. Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда пойтахт ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлар — Озодбек Назарбеков ва Азиз Абдуҳакимов, Тошкент ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов, экофаоллар, аҳоли ва ОАВ вакиллари қатнашди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Акция очилишида журналистларга интервью берган Шавкат Умурзоқов келгусида Тошкентда амалга ошириладиган режаларнинг айримларига тўхталиб ўтди.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати

«Муҳтарам президентимиз куни кеча Чилонзорга борганларида ҳам айтдиларки, Тошкент шаҳрида 132 километр сув бўйлари бор. Шундан 40 километрида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Қолган ва қўшимча 100 километрни ҳам обод қилиш ва дарахт экиш, халқ учун манзарали ва ҳордиғини бемалол чиқариши учун шароит яратиш [топшириғини берди]. Шу билан бирга нафақат сув бўйлари, балки ҳар бир маҳалланинг ўз боғи, болалар ва спорт майдончалари бўлишини ҳам таъкидлади. Бунинг учун барча шароитларни яратиб беряпти», — деди Тошкент ҳокими в.б.

Унинг қайд этишича, яқин кунларда ҳар бир маҳаллада яшил ҳудудлар барпо этилади, сув бўйларида қаровсиз қолиб кетган жойларни кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.

«Бугунги кунда ҳурматли президентимизнинг ҳам шаҳар ҳокимлигига берган топшириқлари ва сиёсатлари шуки, шаҳарда кўкаламзорлаштириш ишларини қаттиқ олиб бориш, халқ учун ҳордиқ чиқарадиган шаҳар номини олиб бериш [вазифасини қўйган]. Ҳозирда кунига 6 миллион одам шаҳар йўлларидан фойдаланаётган бўлса, шундан 4 миллиони жамоат транспорти ёки велосипедда, пиёда юради. Асосий эътиборни уларга қаратган ҳолда йўллар четида ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш топшириғи берилди. Тошкент шаҳрига „халқ шаҳри“, „халққа хизмат қиладиган шаҳар“, „халқ ҳордиқ чиқарадиган шаҳар“ номларини олиб бериш сиёсатини олиб борамиз», — деди Шавкат Умурзоқов.

Шу йилнинг февраль ойида президент Тошкентдаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 1 млрд сўмдан маблағ ажратишни тасдиқлаган эди. Маблағлар инфратузилмани ривожлантириш ва қаттиқ совуқдан зарар кўрган муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлашга йўналтирилиши маълум қилинган.