Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани кенгаши ҳокимлик ходимлари, жумладан, туман ҳокими, шунингдек, кенгаш девони ходимларининг лавозим маошларига апрель ойи учун 306,2 миллион сўм миқдорида устама ажратишни маъқуллади. Ҳужжатни бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашга раҳбарлик қилаётган туман ҳокими Шавкатбек Иргашев имзолади.

Бунга эътибор қаратган Kun.uz сайти туман ҳокимлигининг суд қарорларига кўра компенсация тўлаш учун 500 миллион сўмдан ортиқ қарзи борлиги ҳақида хабар берди.

Тошкент шаҳри ҳокими ва туманлар ҳокимлари девони, шунингдек, давлат бошқаруви ҳудудий органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра уларнинг лавозим маошларига маошининг 200 фоизига қадар миқдорда устама белгиланади, бу президентнинг 2018 йил 17 августдаги фармони билан тасдиқланган. Устамалар маҳаллий бюджет даромадлари прогнози ортиғи билан бажарилгани сабабли берилади.

Кенгашнинг устама ажратиш тўғрисидаги қарорида айтилишича, қарор лойиҳаси 16−26 май кунлари жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган, бироқ бу бўйича ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган. Ҳужжат 50 дан ортиқ кўришлар сонига эга. Ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилгани бўйича ҳокимлик хабар бермаган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, устамалар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия хулосасига кўра ажратилган.
Ҳокимлик Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳам шундай қарорлар қабул қилинишини таъкидлади: «Президент қарори билан тасдиқланган тажриба-синов тизимига кўра, ҳар бир ходимнинг иш фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра иш ҳақига устамалар белгиланиши мумкин… Агар натижалар ёмон бўлса, унда ходим рағбатлантириш ололмайди».

Устама миқдори 200% эмас — бу максимал миқдор бўлиб, у 50% ҳам, 100% ҳам бўлиши мумкин. Туманда фақат «бир-икки киши» 150 фоиз устама олди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Ойига 800−900 минг сўм оладиган ходимлар бор. Устама 150 фоиз бўлса, ўша ходимга қўшимча 1,2 миллион сўм тўланди… 40 дан ортиқ ходим устама олди… Улар орасида ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари бор», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда пойтахтда кескин сезилган энергетика инқирози фонида президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан бўшатганди. Юнусобод тумани ҳокими Бохадир Абдувалиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев ва Учтепа тумани ҳокими Фарход Абдуллаев эса ҳайфсан олган.

Туман ҳокимлигининг таъкидлашича, устама ҳайфсан олингандан кейин уч ой мобайнида, шу жумладан, агар бу ҳоким ёки ҳоким ўринбосарига тегишли бўлса, берилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили пойтахтнинг Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов кенгашнинг умумий қиймати 1,5 миллиард сўм миқдорида устама ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни сўраб, Сенатга мурожаат қилганди.