Ўзбекистонда кўз тўр пардасини жарроҳлик амалиёти билан кўчириб ўтказиш жорий этилиши мумкин, дея хабар қилмоқда ССВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида халқаро миқёсда симпозиум бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Швейцария ва Ўзбекистоннинг профессор олимлари ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этди.

Симпозиумда британиялик профессор Гордон Плант неврология ва нейроoфтальмология йўналишларида қандай фундаментал текширувлар мавжудлиги ва соҳадаги сўнгги янгиликлар тўғрисидаги маърузаси билан қатнашди.

Яна бир британиялик профессор Линдон Да Круз регенератив тиббиёт хусусида маъруза ўқиди. Кўз тўр пардаси кўчириб ўтказиш амалиётини ўз ичига олган нутқида олим 20 йиллик тажрибаси билан бўлишди. Кўзнинг тўр пардасини муваффақиятли кўчириб ўтказиш бўйича бу вақт мобайнида қандай текширув ва тадқиқотлар ўтказилгани ҳақида маълумот берди.

«Илгари бу борада гап кетганда „умуман иложи йўқ“, дер эдик. Кўп йиллик илмий изланишлар натижасида бунинг имкони борлиги исботланди. Эндиликда ушбу лабораторияларнинг қандай ташкил этилгани, уларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича ўрганиш олиб боришни режа қилдик. Агар бу амалиёт мамлакатимизда ҳам қўллана бошланса, тўр парда билан боғлиқ касалликлар туфайли кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган беморлар дунёни яна ўз кўзлари билан қайта кўра олади», — дейди марказ директори Азамат Юсупов.