31 май куни «Миллий тикланиш» демократик партияси қурултойида президентликка ўз номзодини кўрсатмаслик тўғрисида қарор қабул қилди ва ЎзЛиДеП партиясидан амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда партия раҳбари Алишер Қодиров маълум қилди.

«Бу қарор давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарор деб ҳисоблайман», — деди партия етакчиси, 2021 йилдаги сайловда президентликка номзод бўлган Алишер Қодиров.

алишер қодиров, миллий тикланиш, сайлов-2023, шавкат мирзиёев

13 май куни «Миллий тикланиш» партияси ЎзЛиДеП номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилганди. Таъкидланишича, «бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилмоқда». «Биз амалдаги президент атрофида мустаҳкам бирлашиб, она ватанимиз қудрати ва халқимиз фаровонлигини таьминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур», — деганди Қодиров.

алишер қодиров, миллий тикланиш, сайлов-2023, шавкат мирзиёев

Алишер Қодиров 30 май куни ЎзЛиДеП қурултойида. Фото: Манба / Telegram.

Бир кун аввал ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлаган. Давлат раҳбари сайловолди дастурида саноат соҳасидаги «мегалойиҳалар», Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш, автомобиль ишлаб чиқаришни 1 млн дан ортиқ донага етказиш ва бошқалар ҳақида гапирган.

Экологик партиядан президент сайлови учун Абдушукур Хамзаев номзод этиб тасдиқланган. Унинг дастурида бир марталик пластик ва полиэтилен идишлардан воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни, 2030 йилдан бензинли автомобилларни сотиш ва сотиб олишни тақиқлаш ва бошқалар таклиф қилинган.

«Адолат» СДПдан президентлик сайлови учун Робахон Маҳмудова номзод сифатида тасдиқланган. Унинг сайловолди дастурида «Ижтимоий давлат-2030» дастурини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва бошқалар кўзда тутилган.

Халқ демократик партиясидан партия раиси Улуғбек Иноятов президентликка номзод сифатида маъқулланган. Унинг дастурида қиммат мол-мулк учун солиқ жорий этиш, судлов ҳайъати институтини ташкил қилиш ва бошқалар ўрин олган.