26 май куни президентнинг «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПФ-79-сонли] фармони қабул қилинди. Адлия вазирлиги ҳужжатдаги муҳим бандларни эълон қилди.

Унга кўра, боғчалардаги олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлиги 2024 йил 1 июндан мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади.

2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади. Бунда 2023/2024 ўқув йилидан ўқитувчилар стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди ва 1 йилда сертификат олиши талаб этилади.

Шунингдек, 1 январдан давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади. Бунда малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда педагогик маҳорати баҳоланади.