«Газета.uz» суриштируви:

Тошкентдаги боғча директорининг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизчага тегажоғлик қилгани айтилмоқда

Чилонзордаги 230-сонли болалар боғчасида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизчага, улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Бунга камида 3−4 нафар бола гувоҳ бўлиб қолган. Директор эса буни «туҳмат» деб атамоқда ва қизчаларнинг ўзини тарбиясизга чиқарди — Батафсил.

Кун янгиликлари:

Humo ва Uzcard банкоматларини интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланади — Марказий банк раиси

Марказий банк раиси Humo ва Uzcard тўлов тизимлари банкоматларини интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланишини маълум қилди. Шунингдек, Korzinka супермаркетлар тармоғида виртуал кассаларни ишга туширишга тайёргарлик кўрилаётганини, пулни нақдлаштириш учун комиссия фоизи муҳокама қилинаётганини айтди.

«Хавотирлар ўринли». МБ раҳбари — АҚШнинг Оҳангаронцемент ва унинг асосчисига қарши санкциялари тўғрисида

«Оҳангаронцемент» ва унинг таъсисчисига нисбатан АҚШ санкцияларининг жорий этилиши корхона фаолиятини тўхтатиб қўйишни англатмайди, дея маълум қилди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов. Унинг айтишича, бу масалани ҳал этиш бўйича президент топшириғига биноан ишчи гуруҳ тузилган.

Марказий банк банкрот бўлган «Туркистонбанк» омонатчиларининг маблағлари қайтарилишига изоҳ берди

«Туркистонбанк»нинг банкрот бўлиши сабаб 52 нафар мижоз 53 млрд сўм омонатларини қайтариш бўйича мурожаат қилган бўлиб, унинг бир қисми банк томонидан субординатив кредит сифатида берилган. МБ суд қарори билан 18 нафар фуқаронинг 29 млрд сўмлик маблағлари омонат сифатида тан олинганини маълум қилди.

Корея Тошкентдаги Сеул боғининг реконструкцияси учун салкам $500 минг ажратади

Корея Ташқи ишлар вазирлиги ва Сеул мерияси Тошкент шаҳридаги Сеул боғини реконструкция қилиш учун салкам 500 минг доллар ажратади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи Санг пойтахт ҳокими билан учрашувда маълум қилди.

АКТ вазирлиги ва «Алоқабанк» бинолари сотуви бекор қилинди — Марказий банк раиси

Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Алоқабанк»нинг Тошкент шаҳри марказидаги маъмурий биноларини сотиш ва Black Gold Industry News`га 390 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратиш бўйича келишувлар бекор қилинди, дея маълум қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов.

Йирик савдо марказларига ижара тўловларини хорижий валютага боғлашга рухсат берилади

Ҳукумат комиссияси ижара тўловларини хорижий валютага боғлашга рухсат бериши мумкин. Гап 200 млн доллардан ортиқ сармоя ва 70 минг квадрат метрдан ортиқ ижара майдонига эга йирик савдо ва кўнгилочар марказлар ҳақида бормоқда. Тошкентда қурилаётган биргина савдо маркази шундай талабга жавоб беради.

Тимур Муҳамеджонов «Ўзкимёсаноат»га раҳбар бўлди

«Ўзкимёсаноат» компаниясига аввал «Ўзкимёимпэкс» корхонаси директори лавозимида ишлаб келган Тимур Муҳамеджонов раҳбар этиб тайинланди.

Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди

5−7 май кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган кучли ёмғирлар сабабли 9 та вилоятда сел-сув тошқини юзага келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши, шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг станцияси ўрнатилди

АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг (дунё бўйлаб 150 дан ортиқ станцияларни ўз ичига олади) бир қисми бўлган станция Жиззах вилоятига ўрнатилди. Шунингдек, АҚШ Ўзбекистонга сейсмик хавфларни баҳолаш ва қурилиш қоидаларини яхшилашда ёрдам беради.

Апрелда Ўзбекистонда 5,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди

Ўзбекистон бўйлаб апрель ойида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 5,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди. Уларнинг энг кўпи Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Регулятор биринчи чорак якунларига кўра, иқтисодиётдаги аксарият кўрсаткичлар макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида эканлигини таъкидлади. Йил якуни бўйича инфляция прогнози 8,5−9,5 фоиз даражасида сақланиб қолди.

Вочахликларнинг аксарияти тоғга чорва боқишга чиқиб кетгани учун референдумда қатнашмаган — МСК

Сурхондарёнинг Вочах қишлоғида 30 апрель куни референдум ўтказилмагани, қишлоқ аҳлига бюллетень ҳам берилмагани айтилганди. МСК мазкур ҳудуд учун кўчма қути юборилгани, бироқ аксарият фуқаролар чорва молларига қараш учун тоғга чиқиб кетгани сабабли яшаш манзилида бўлмаганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги 58 та болалар боғчасида «Меҳрибонлик корпуси» кўмагида китоб бурчаклари ташкил этилди

«Меҳрибонлик корпуси» ва МакГоверн-Доул дастури томонидан Сурхондарё ва Қорақалпоғистондаги 58 давлат мактабгача таълим ташкилотларида китоб бурчаклари очилди. Ушбу муассасаларга тўрт тилда салкам 5800 та китоб ҳадя қилинган.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан ID-карта орқали ўтишга рухсат берилди

Қирғизистон Жогорку Кенеши Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан ID-карта орқали ўтишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Эндиликда фуқаролар ҳар икки давлат чегарасидан паспорт кўрсатмасдан ўтишлари мумкин бўлади.

Сенат ходимларни касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенцияни маъқуллади

Сенаторлар «Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади.

Қашқадарёда эркак ўғлига тегишли корхонанинг 30 сотих ерини 100 минг долларга сотмоқчи бўлди

Қашқадарёда ота ўғлининг номидаги хусусий корхонанинг 30 сотих ерини 100 минг долларга сотмоқчи бўлганда ушланди. Самарқанд ва Сирдарёда ҳам фуқаролар хўжалик ерини ноқонуний сотаётганда қўлга тушгани айтилмоқда. Ҳозирда ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган.

UzAuto Motors`нинг соф фойдаси биринчи чоракда салкам 2 бараварга камайди

UzAuto Motors 2023 йилнинг биринчи чорагида 258,76 млрд сўм соф фойда кўрди. Бироқ бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,8 фоизга кам.

Тошкентда сотувчи аёл ўзини ёқиб юборди

Олмазор туманида савдо қилиш учун жой талашгани айтилган аёл устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди. У 35 фоиз термик куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шаҳар ИИББ аёл бундан аввал ҳам ўзини ёқишга урингани, ҳозирда прокуратура ишни текшираётганини билдирди.