ДХХ Қашқадарё, Самарқанд ва Сирдарёда тезкор тадбир ўтказиб, ер майдонларини ноқонуний сотишда гумонланаётган шахсларни қўлга олди.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида яшовчи фуқаро ўғлининг номида бўлган хусусий корхонанинг 30 сотих ерини харидорга 100 минг долларга сотишга келишган. Бунинг учун олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Самарқанд туманида яшовчи фуқаро ҳам ўзининг ўғлига тегишли фермер хўжалигининг 15 гектар ерини харидорга 15 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган. Аниқланишича, ер майдонини маҳаллий ҳокимлик 2010 йилда ажратиб берган.

Сирдарё вилоятида қайд этилган ҳолатда эса гулистонлик шахс бошқа бир фуқаронинг номидаги деҳқон хўжалиги учун ажратилган 10 сотих суғориладиган ернинг 5 сотихини харидорга бериш эвазига 7400 доллар олган. Бунда у ер ўзига тегишли эканини айтиб, кадастр тизимидаги танишлари ёрдамида фуқаронинг номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган.

Ҳозирда ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов кетмоқда.