3 май куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шаҳар ҳокими 2022 йил якунига кўра, Корея ва Тошкент ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 412 миллион долларни ташкил этганини билдириб, пойтахт ва Сеул ўртасида йўлга қўйилган алоқаларини кенгайтириш ва шаҳарларнинг биргаликдаги ривожланиш режаларини амалга ошириш, Корея бизнесидаги ютуқларни Ўзбекистон ва Тошкентда қўллаш аҳамиятли бўлишини таъкидлади.

Элчи Ким Хи Санг қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳозирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Корея компанияларининг 50 фоиздан ортиғи Тошкентда ишлаётганлигини қайд этди. Суҳбат давомида Тошкентдаги Сеул боғини реконструкция қилиш масаласи алоҳида муҳокама этилди.

корея элчиси, сеул боғи, тошкент шаҳар ҳокими
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ким Хи Сангнинг сўзларига кўра, 2023 йилда Сеул шаҳри мерияси томонидан боғни қайта таъмирлаш учун 340 минг доллар, Корея Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эса 152 минг доллар миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. У бу ишлар ўз муддатида, юқори сифатда бажарилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлигининг амалий ёрдами муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, элчи Корея инвестицияси асосида ишга тушиши мўлжалланган марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини баён этди.

Шавкат Умурзоқов Сеул боғини қайта таъмирлаш ишлари бошлангунига қадар боғни тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши ва реконструкция жараёнида ҳам зарур амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди. Томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдиришди.