Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 апрелдаги фармони билан Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясига янги ваколатлар берди.

Энди комиссия йирик савдо-кўнгилочар марказини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида тижорат биноларини ижарага бериш шартномаларида ижара тўловларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига рухсат этиш ваколатини бериш ҳуқуқига эга. Инвестиция миқдори 200 миллион доллардан ҳамда ижарага бериладиган майдони 70 минг квадрат метрдан юқори бўлган йирик савдо-кўнгилочар марказини қуриш бўйича мажбуриятларни бажариши мумкин.

Бунда ижара тўловлари Марказий банк томонидан белгиланган валюта курси бўйича миллий валютада амалга оширилади.

Ўзбекистонда қурилиши давом этаётган тўрт қаватли Tashkent City Mall (Tashkent City`даги №3-лот)гина бундай талабларга мос келади, ижара майдони 100 минг квадрат метр (умумий майдони — 245 минг кв.м). 2023 йил август ойида очилиши режалаштирилган объект Hyper Partners`нинг 400 миллион долларлик мажмуаси таркибига киради, у 29 қаватли меҳмонхона ва 30 қаватли бизнес марказини ўз ичига олади.

Таққослаш учун: пойтахтдаги Riviera Mall майдони 40,4 минг квадрат метрни ташкил қилади. Compass — 40 минг квадрат метр, Samarqand Darvoza — 41,1 минг (ижарага олинадиган майдони — 30 минг кв.м.), Next — 25 минг кв.м (18 минг), Самарқанд шаҳридаги Family Park савдо маркази — 43 минг квадрат метр.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили президент фармони билан Самарқанд аэропортини бошқарувчи Air Marakanda компаниясига иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилганди.

2021 йил январь ойида валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунга айрим товарлар нархларини хорижий валюта ва шартли бирликларга боғлаш имконини берувчи ўзгартириш киритилган.