Апрель ойида Ўзбекистонда 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 10,9 млн кВт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида маълум бўлди.

Бунинг оқибатида тизимга 5,5 млрд сўм зарар келтирилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 54 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Хусусан, Андижон вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор «Й.С.»га қарашли цемент маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида 522 млн сўм, Сирдарё вилоятидаги «Сув таъминот» МЧЖда 340 млн сўм, Тошкент вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор «Х.М.»да 163 млн сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.