Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда номаълум аёл устига бензин сепиб ўзини ёқиб юборгани акс этган видео юзасидан маълумот берди.

ИИББ хабарига кўра, ҳолат 2 май куни тахминан соат 10:00 да Олмазор тумани Қорақамиш 2/4 даҳасидаги савдо дўконларидан бирининг олдида содир бўлган. 1981 йилда туғилган Д.Қ. бир нечта фуқаро билан савдо қилиш учун жой талашган. Сўнгра ўзаро келиша олмай, жанжаллашиб, норозилик билдириб, ёнида бўлган елим идишдаги бензинни устига қуйиб, ўзини ўзи ёқиб юборган.

Оқибатда аёл юзи, иккала қўллари, танаси олди қисмининг 35 фоиз термик куйиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ўтказилган бирламчи суриштирув давомида Д.Қ. бундан олдин ҳам фуқаролар билан савдо қилиш учун жой талашиб жанжаллашгани ҳамда бир неча маротаба ўзини ёқиш ҳолатларини содир этишга ҳаракат қилгани, бироқ ходимлар томонидан бунинг олди олингани аниқланди.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда.