Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида «Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, конвенциянинг асосий мақсади миллий қонунчилик ёки меъёрий ҳужжатлар орқали иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва чеклашга қаратилган чора-тадбирларни белгилашдан иборат.

«Халқаро меҳнат ташкилотининг мазкур конвенцияси бу каби стандартларни татбиқ этиш учун қўшимча имкониятларни ҳам яратади. Конвенциянинг ратификация қилиш билан бирга, албатта тегишли миллий қонунчилик хужжатларимизни ҳам ушбу Конвенцияга имплементация қилишимиз зарур», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Сенаторлар томонидан Конвенцияни ратификация қилишда тизимли назорат чораларини, шу жумладан, иш жойларида меҳнат шароитларини, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш белгилангани таъкидланди.

Муҳокама жараёнида Конвенциянинг ратификация қилиниши ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш имконини бериши ва меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга сезиларли туртки бериши қайд этилди.

«Халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган меҳнат муҳофазаси шароитлари нафақат давлат корхоналарида, балки хусусий корхоналарда ҳам бирдек таъминланиши керак. Чунки қайси шаклдаги секторга жалб қилинганидан қатъий назар меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг меҳнат хавфсизлигига оид ҳуқуқлари тенг аҳамиятга эга. Конвенциянинг хусусий секторда ҳам реал татбиқ этилиши учун эса нодавлат соҳасидаги иш берувчилар мазкур халқаро хужжатнинг талабларидан хабардор бўлиши, унга қатъий амал қилиши зарур. Афсуски, кўплаб хусусий корхоналар айнан бу жараёнда қамраб олинмаган», — деди сенат раиси.

Ушбу Конвенция жаҳоннинг 47 та давлати томонидан ратификация қилинган. Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.