Humo ва Uzcard тўлов тизимлари банкоматларини ўзаро интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланиши режалаштирилган. Бу ҳақда 4 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Иш якунланди. Ҳозир тизим айрим банкоматларда синовдан ўтказилмоқда. Яқин 7−10 кун ичида у тўлиқ ишга тушади. Ҳеч қандай муаммо йўқ, мақсадимиз нақд пул ечиб олиш бўйича хизматлар кўрсатиш эмас, балки банкоматларнинг функционаллигини бир-бири билан бирлаштиришдир», — деди у.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ҳуқуқий эксперимент сифатида айрим савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг кассаларида (виртуал касса) банк картасидан пул ечиб олиш имкониятини жорий этиш режалаштирилганди. Дастлабки босқичда тажриба Korzinka супермаркетлар тармоғида (мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ супермаркетлари мавжуд) амалга оширилиши мўлжалланганди.

Марказий банк раҳбарининг айтишича, Korzinka`да виртуал кассада тажриба аллақачон ўтказилган. Ҳозирда мазкур тизим бўйича регуляторнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати Адлия вазирлигида кўриб чиқилмоқда.

«Яъни, максимал миқдор [нақд пул ечиб олиш бўйича] қанча бўлиши керак. Биз Korzinka тармоғи билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Улар нақд пул бериш учун комиссиянинг маълум фоизини олишни хоҳлашади. Биз бу комиссияни қисқартириш устида ишлаяпмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида Марказий банк раҳбари Humo ва Uzcard тўлов тизимлари узоқ музокаралардан сўнг ўзаро интеграция бўйича келишувга эришганини маълум қилганди.

Жараёнга ҳаракат биринчи марта 2020 йил сентябрь ойида бошланган. 2021 йил декабрь ойи охирида Uzcard ва Humo ўзаро интеграциянинг биринчи босқичини якунлаётгани хабар қилинган. Бу тизим билан иккита тўлов тизимининг терминаллари иккала картани ҳам қабул қила олади. Тизим пайдо бўлиши учун банклар терминалларини қандай янгилаш бўйича кўрсатмалар олишлари керак эди.

Президент қарорида, шунингдек, 2023 йил охиригача икки тизимнинг тўлов терминалларини интеграциялаш бўйича кўрсатмалар берилганди.