«Меҳрибонлик корпуси» (Mercy Corps) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон ва Сурхондарёдаги 58 та давлат мактабгача таълим ташкилотида «Китоб бурчаклари» ташкил этилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Лойиҳа «Болалар таълими ва овқатланиши учун озиқ-овқат» МакГоверн-Доул дастури доирасида амалга оширилди. Дастур АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

МакГоверн-Доул дастури доирасида ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилидаги жами 5760 дона болалар китоби ҳадя қилинган. 58 та болалар боғчасининг ҳар бири қўшимча жиҳозлар, хусусан, иккитадан китоб жавони, гилам ва ёстиқлар билан таъминланган.

«Ушбу китоб бурчаклари мактабгача таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун муҳим ресурс бўлиб, синфдаги ўқув ҳамда синфдан ташқари тўгарак машғулотлари учун ёшга мос ўқув материалларини ўз ичига олади», — дейилади элчихона ахборотида.

ақш, ақш элчихонаси, болалар, китоб бурчаклари, китоблар, мактабгача таълим, сурхондарё вилояти, қорақалпоғистон

Китоб бурчакларининг расмий очилиш маросимлари апрель ойи давомида Сурхондарёнинг Жарқўрғон, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли, Нукус ва Тахиатош туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб ўтган.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманидаги 8-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Моҳира Кенжебаева китоб бурчаги очилиши ҳақида шунадй дейди: ««Меҳрибонлик корпуси»нинг кўмаги билан янги ва турли рукндаги кўплаб адабиётлардан иборат янги китоб бурчаги ташкил этилди. Бу нафақат болажонлар, балки тарбияланувчиларнинг ота-оналари, мен ва ҳамкасбларимни ҳам жуда қувонтирди. Ҳозирда ушбу китоб бурчагида болалар билан биргаликда вақт ўтказмоқдамиз. Уларга ўзлари танлаган китобни ўқиб бериб, сўнгра шу китоб хусусида улар билан биргаликда суҳбат олиб боряпман. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Чунки бу китоблар орқали болажонларимиз ўз келажаги ва жажжи оламини кашф этмоқдалар».

«Меҳрибонлик корпуси»нинг Ўзбекистондаги филиали Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда тарбиячиларнинг болалар учун ўқиш амалиёти ва тадбирларини ўтказиш салоҳиятини менторлик дастури асосида ошириш бўйича боғчаларнинг педагоглари ва маъмурияти билан ишлашни давом эттиришни режалаштирмоқда.

2023 йил давомида «Меҳрибонлик корпуси» томонидан Қорақалпоғистон ва Сурхондарёдаги яна 100 та давлат мактабгача таълим ташкилотида китоб бурчаклари ташкил этилиши режалаштирилган.