Қирғизистон Жогорку Кенеши 3 май куни «2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Кенешнинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берди.

Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомада фуқароларнинг икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит орқали бориш, ҳаракатланиш ва бўлиш ҳужжатлари рўйхатини янгилаш назарда тутилган.

Хусусан, Қирғизистон томони келишувни «ID-карта» сўзлари билан тўлдиради. Шунингдек, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага нисбатан банд ҳам чиқариб ташланади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам келишувнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага оид бандини чиқариб ташлайди.

Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Қирғизистон билан чегарани ID-карта орқали кесиб ўтиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганди.

2023 йил январь ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳар икки давлат чегарасидан ID-карта (паспортсиз) кўрсатиш орқали ўтишлари мумкин бўлиши хабар қилинганди. Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи чоғида давлатлар бу борада келишиб олинган.

Эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта орқали киришлари мумкин бўлади (илгари фақат хорижга чиқиш паспорти билан мумкин эди).

Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди. Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобиль, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилади.