3 май куни Сан-Диегодаги Калифорния университети (UCSD) ва Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази Жиззах шаҳрига яқин ҳудудда жойлашган Қорасойда янги замонавий сейсмик станция ўрнатилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Янги сейсмик станциянинг очилиш маросимида АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Мухтор Муҳитдинов қатнашди. Дунё бўйлаб 150 дан ортиқ станциядан иборат АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг бир қисми сифатида ушбу станцияни АҚШ ҳукумати молиялаштиради.

У АҚШ Миллий Илм-фан Жамғармаси кўмагида UCSD Халқаро Акселерометрни жойлаштириш дастури доирасида техник хизмат кўрсатиш ва ўқитиш билан таъминланади. Ушбу станцияда тўпланган маълумотлар бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар, жумладан, олимлар, муҳандислар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун ушбу веб-сайт орқали мавжуд бўлади.

Станция Ўзбекистон ва Марказий Осиёда жаҳон сейсмик фаоллигини яхшироқ тушуниш учун яратилган. Станциядан олинган маълумотлар зилзилалар жойини аниқлаш ва улар келтириб чиқарадиган хавфларни камайтириш учун ишлатилиши мумкин, бу эса жамоат хавфсизлиги ва фундаментал фан учун муҳимдир.

ақш, сейсмология, станция

Қўшма сейсмик станция лойиҳаси 2020 йил охирида бошланганидан буён АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида сейсмология соҳасидаги илмий алмашинувлар сезиларли даражада фаоллашди.

2023 йилнинг 20−24 февраль кунлари Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Америка Энергетика вазирлигининг сейсмик ҳамкорлик дастури доирасида доктор Туну Онур ва доктор Ану Агиярни Ўзбекистонга таклиф қилди. Доктор Онур зилзила хавфи ва рисклар бўйича мутахассис ва Livermor Lourens (LLNL) миллий лабораториясининг пудратчисидир. Доктор Агуиар LLNL сейсмик ҳамкорлик дастури бўйича дастур менежерининг ўринбосари ва сейсмик ҳодисаларни аниқлаш ва маҳаллийлаштириш бўйича мутахассис саналади. Экспертлар Ўзбекистон ҳукумати билан сейсмик хавфларни баҳолашга оид қатор масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрдилар.

Қайд этилишича, ташрифнинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистондаги сейсмик хавф ва зилзилалар хавфи билан боғлиқ масалаларни яхшироқ тушуниш эди. Яна бир мақсад маҳаллий ҳамкасблар билан учрашиб, миллий маълумотларни Марказий Осиёдаги тарихий сейсмик фаолликнинг минтақавий интеграциялашган маълумотлар базасига киритиш масаласини муҳокама қилиш бўлди.

Ушбу интеграцияланган маълумотлар минтақада сейсмик хавфни эҳтимолий баҳолашнинг (PHSA) янада илғор моделларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Доктор Онур ва Агияр Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академияси Сейсмология институти, шунингдек, Қурилиш вазирлиги, Механика ва биноларнинг сейсмик чидамлилиги институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети, Тошкент давлат техника университети, «Тошуйжой» ва Ўзбекистон Миллий университети масъул ходимлари билан учрашдилар.

2022 йил октабр ойида доктор Онур Ўзбекистон Миллий университети талабалари учун PHSA усуллари бўйича виртуал тренинг ўтказди. Сейсмик хавфларнинг қурилиш меъёрлари ва стандартларига таъсири, зилзила хавфини баҳолаш усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Доктор Онур ўзининг ташрифи давомида ЎзМУ талабаларига сертификатларини топшириш имконига эга бўлди. Апрель ойида доктор Онур ФВВ, Сейсмология институти ва Қурилиш вазирлиги учун PHSA усуллари бўйича мақсадли тренинг ўтказди. Тренингдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ҳукумати билан Шимолий Американинг қатъий стандартларига мувофиқ хавфсизроқ қурилиш меъёрларини моделлаштириш бўйича ўз тажрибасини баҳам кўришдан иборат бўлди.

Элчихона, шунингдек, АҚШдаги Мичиган штат университети ва ЎзМУ ўртасида сейсмология бўйича таълим алмашинуви бўйича ўзаро англашув меморандумини ишлаб чиқишда ёрдам берди. Май ойида мазкур келишувга мувофиқ, Мичиган штат университети Халқаро фан-техника марказининг молиявий кўмагида Чотқол тоғларида жойлашган ЎзМУ геологик лагерида ўқув сейсмологик станциясини ўрнатади. Лойиҳа Ўзбекистонда ёш сейсмологларни ўз станциясини бошқариш орқали тайёрлашга қаратилган.