Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида қишки таътил яна узайтирилди

Республика ҳудудларида ўқиш бошланиши яна бошқа санага қолдирилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқиш 23 январь, душанбадан бошланади.

Ўзбекистон вилоятларида ҳам ҳарбий дала ошхоналари ташкил қилинмоқда

Тошкент шаҳридан кейин Мудофаа вазирлиги Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳарбий дала ошхоналари ва иссиқлик пунктларини ташкил этаётганини маълум қилди.

Жиззахда тиббий марказ мансабдорлари янги ускуналар пулига яроқсиз жиҳоз харид қилгани аниқланди

Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт марказида 245,2 млн сўмга жарроҳлик ускуналарини харид қилиш белгиланган. Аммо мансабдорлар бу пулларни талон-торож қилиб, бошқа яроқсиз ускуналар олган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Янги иш бошлаган ёш шифокорларга 1 млн сўмгача устама берилади

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ️янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама берилади. Шунингдек, юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган ходимларга ҳам маошининг 100 фоизигача устама белгиланади.

Тошкент вилоятида аёл электр таъминоти корхонаси ходимига пичоқ билан таҳдид қилди

Чирчиқ шаҳрида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норози бўлган аёл электр таъминоти корхонасига бориб, корхона ходимига пичоқ билан таҳдид қилди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

ССВ: 2022 йилда «Тез ёрдам»га 13 миллиондан ортиқ чақириқ келиб тушди

2022 йил давомида «Тез ёрдам» хизматига 13 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган, 1,1 миллион киши касалхонага ётқизилган. 2021 йилда бу чақириқлар сони 12,5 миллионни ташкил этганди.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида 6 та йўналишда ҳамкорликка келишиб олинди

Шавкат Мирзиёев Сингапур раҳбарияти билан учрашди. Давлат бошқаруви учун кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, «яшил» технологияларни жалб қилиш, шаҳарсозлик ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, янги орхидея турига Ўзбекистон президенти номи берилди.

Мудофаа вазирлиги томонидан Тошкент шаҳри бўйлаб ҳарбий дала ошхоналари ташкил этилди

Пойтахт ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий дала ошхоналари ташкил этилди. У ерда фуқароларга иссиқ чой ва егуликлар таклиф этилмоқда.

Янгиҳаёт туманидаги ёғоч уйларнинг бирида ёнғин чиқди

Сешанба куни эрталаб Янгиҳаёт туманидаги ёғоч уйларнинг бирида ёнғин чиқди. Ҳеч ким жароҳат олмаган. Ёнғин ёғ қиздирилгани ортидан юз бергани тахмин қилинмоқда.

Зангиотадаги ҳарбий қисмда қашқадарёлик 20 ёшли йигит вафот этди

Бир йиллик ҳарбий хизмат учун Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмга кетган 20 ёшли йигит ўзини отиб қўйгани сабаб уйига ўлик ҳолда қайтди. Марҳумнинг яқинлари уни уриб ўлдиришгани, жасад танасида жароҳатлар борлигини айтмоқда. Бош прокуратура суриштирув бошлади.

«Юксалиш» ҳаракати энергия ресурслари учун қайта ҳисоб-китоб қилишга чақирди

«Юксалиш» ҳаракати давлат идораларини энергия ресурслари аҳолига етказиб берилмаган кунлар учун қайта ҳисоб-китоб қилишга, исиниш хоналарини очишга ва мурожаатлар учун кўп функцияли колл-марказ ташкил этишга чақирди. Энергетика вазирлиги қишга тайёрланганлик ҳолати бўйича ҳисобот бериши ҳам керак.

Ўзбекистонда мактаблар вақтинчалик онлайн таълимга ўтказилиши мумкин — вазирлик

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вилоят ҳокимликлари билан об-ҳаво шароити яхшиланмагунча мактабларни онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Тошкент вилоятида эр-хотин ис газидан вафот этди

Чирчиқ шаҳрида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар уйни иситиш мақсадида чала ёнган кўмирни ётоқхонага олиб кирган ва ундан чиққан ис газидан заҳарланган.

Фарғонада давлатга 2 млрд сўмдан ортиқ зарар етказган майнинг фермалар аниқланди

Фарғона вилоятининг икки ҳудудида гўёки компьютер техникалари ва музлаткичларни таъмирлаш цехларини ташкил этиб, амалда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётган майненг фермалар аниқланди. Улар давлатга жами 2 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани маълум бўлди.

Тошкентда тиланчилик қилган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳақида огоҳлантирилди

Шайхонтоҳур туманида 2003 йилда туғилган аёл 2 фарзандидан фойдаланиб, йўлнинг қатнов қисмида тиланчилик қилди. Ички ишлар ходими ҳудудни тарк этишни сўраганида унга қаршилик кўрсатди. Бу фаолияти учун олдин 11 марта огоҳлантирилган аёл ҳолат яна такрорланса, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Видео: Молдовада терроризмда айбланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди

Молдовада Ўзбекистон фуқароси ушланди. У терроризмда айбланмоқда. Илгари қотиллик қилишга уриниб, қамоқ жазосини ўтаган эркак Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутилмоқда.

Банкларда доллар 11 400 сўмдан сотила бошлади

Тижорат банклари 17 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 310 — 11 370 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 400 сўм.

Украина билан чегарадош ҳудудлардан ўқишини кўчиришга рухсат берилган талабалар рўйхати тасдиқланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Украина билан чегарадош ҳудудлардан ўқиши Ўзбекистонга кўчирилишига рухсат берилган талабалар рўйхатини тасдиқлади. Талабалардан ҳужжат топширган ОТМларининг ўқишни кўчириш бўйича масъулларига учрашиши сўралди.

«Ҳудудгаз Бухоро» корхонаси мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура Бухоро вилоятидаги 3 та метан газ қуйиш шохобчасида 26,2 млрд сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинганини аниқлади. Ҳолат юзасидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси ва шохобчалар мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган репортажлар:

«Музлар эримагунича тегинмаслик кераклигини айтгандим» — ТерДУ лицейидаги портлаш жабрланувчиси

ТерДУ академик лицейи қозонхонасидаги портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна бир киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган эди. Қозонхонада совуқлар бошланганидан бери кетма-кет муаммолар кузатилган. Ҳозирда лицей раҳбарияти терговга жалб этилган. «Газета.uz» мухбири воқеани ўрганди.

«Бу совуқлар одамларни бепарво қилиб қўймаса бўлгани». Очиқ осмон остида ишлаётганларнинг фикри ва кайфияти қандай?

20 даражали аёзда уйда исиниш ва иссиқ таом тайёрлаш имкониятининг йўқлиги кишини ночорлик кўйига солиб қўяди. Кимдир ишхонасида исиниб олар, аммо ҳаётий муҳим хизматларнинг ишчилари кўчада ишлайди. «Газета.uz» ободонлаштириш хизмати ходимлари билан қаҳратондаги иш ҳақида суҳбатлашди.

«Биз, кўзи ожизлар, ўз ёғимизга қовурилиб яшаяпмиз». Тошкентдаги «жаннат»га қиёсланган, лекин совуқ ётоқхонадан репортаж

Ижтимоий тармоқларда Чилонзордаги кўзи ожизлар ётоқхонасида суткалаб чироқ ўчаётгани, масъуллар эса бунга эътибор бермаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов нафақат қаҳратонда, балки жазирамада ҳам муаммолар исканжасида қолувчи ушбу ётоқхонада бўлиб қайтди.