Бухоро вилоят прокуратураси, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва «Ўзнефтгазинспекция» мутахассислари ҳамкорлигида вилоятдаги метан қуйиш шохобчалари фаолияти ўрганилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Хусусан, «Д.А.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча ва «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли 1 та шохобчага келган табиий газ қувурларига ўрнатилган «Автопилот-ПРО» русумли газ ҳисоблаш ускуналари текширилди.

Текширув давомида «заправка»лар газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд импульс трубкасига ўрнатилган тамғани газ маҳсулотлари қувурларида ўғрилик қилиш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа тамғага алмаштириб, трубкани маҳкамлаб, газ ўтиш ҳаракати пасайиши натижасида ҳисоблагич диафрагмасидан ўтаётган газ ҳажмининг сунъий равишда камайтирилган ҳолда кўрсатилишига эришгани аниқланди.

Бунинг оқибатида «Д.А.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча томонидан 11,1 млрд сўмлик ҳамда «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли шохобча томонидан 15,1 млрд сўмлик, жами 26,2 млрд сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилиниб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ва 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ҳамда юқорида номлари келтирилган ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши доирасида 4 нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

«Тергов ҳаракатлари Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилмоқда. Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.