Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган 20 ёшли Миржалол Имомов 12 январь куни уйига ўлик ҳолда қайтарилди. «Milliy TV» телеканалининг «Миллар» дастури унинг яқинлари йигитни уриб ўлдиришганини гумон қилаётгани ҳақида репортаж тайёрлади. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаганини маълум қилди.

Аниқланишича, у 2003 йилда туғилган ва Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги «Худойзот» маҳалласида истиқомат қилган. Йигитнинг яқинларига унинг вафоти ҳақида 11 январь куни хабар берилган.

Марҳумнинг онаси йигит 2022 йил 4 май куни ўз хоҳиши билан ҳарбий хизматга жўнатилганини билдирди. У охирги марта оила аъзолари билан Янги йил кечаси телефон орқали суҳбатлашган. Янги йил тонгида телефон қилиб, яқинларини табриклаган. Ўзининг аҳволи яхши эканини айтган ва хизмат муддати тугашига 3 ойгина қолгани, март ойида уйга қайтишини маълум қилган.

millar, ҳарбий аскар

Марҳумнинг онаси. Фото: «Миллар»

«Дадаси унга [ҳарбий хизматга] борма, болажоним, у ерда нима қиласан?» деди. Болам эса «Бориб келай, биласиз-ку, бу менинг орзум, бир йил ўтади-кетади», деганди. 11 январда кечки соат 17:30 ларда бизга қўнғироқ бўлди. Дадаси телефонни кўтарганда «Биз Мирзаев Музаффармиз, сиз Имомовнинг отасимисиз, деб сўради. Бандачилик, ўғлингиз ўзини отиб қўйди», дейишди. Эрим шок ҳолида қотиб қолди. Шу вақти мен телефонни қўлимга олиб, ўғлим бундай иш қиладиган бола эмаслигини айтдим. У «Билмайман, бу ерга 6−7 нафар аскарларни „тиқиб қўйибмиз“, суриштирув ишлари кетяпти. Ўғлингизни отиб қўйишибди», деди. Аввал ўғлингиз ўзини отиб қўйди, кейин уни отиб қўйишди, деди", — дея сўзлади аёл.

Марҳумнинг холаси жасад экспертизага берилмагани, танасида турли жароҳат излари борлигини айтмоқда. Холасининг айтишича, бу ҳолатга улар ишонмаган. Йигит ота-онасига меҳрибон бола бўлган.

millar, ҳарбий аскар

Марҳумнинг холаси. Фото: «Миллар»

«У ўзини отган болага ўхшамасди. Биринчидан, ўзини отган боланинг тиши синган бўлмайди. Олиб келинганда 2 та тиши синганди, кўзларининг тагида кўкариш бор эди, қошининг тепасида мушт егани, ёрилгани бор эди, қон чиқиб ётибди. Ўша вақти опам ҳам бақириб юборди, бу ўзини отган эмас деб. Уни азоблагансизлар, калтакланган у», дея таъкидламоқда марҳумнинг холаси. Унинг фикрича, йигит бир ёки икки кеча қолиб кетган.

Ҳозирда видеолавҳадаги ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижалари ҳақида хабар қилинади, дейилади Бош пркуратура матбуот хизмати хабарида.

Ҳолат юзасидан, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

«Қуролли кучлар Суд тиббий экспертиза маркази мутахассислари томонидан тиббий экспертиза ўтказилган ҳамда Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Текшириш натижаси ҳақида қўшимча ахборот тақдим этилади», — дейилади хабарда.