Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишда вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди, деб хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.

Аниқланишича, мазкур тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан «E.M.S» МЧЖдан 245,2 миллион сўмга Германияда ишлаб чиқарилган «Eskulap» моделдаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.

Товар етказиб берувчи МЧЖ томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари марказга етказилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган. Бироқ ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски — 1994 йилда Россияда «Волжский Утес»да ишлаб чиқарилган ускуналар олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда экани маълум бўлган.

Тиббиёт марказининг масъул шифокор ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар санитария талабларига жавоб бермаслиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида 2022 йил 19 февралда билдиришнома билан мурожаат қилинган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Юқорида қайд этилган ва қўшимча бошқа ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура органлари томонидан вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.