Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида аёл ўз фарзандлари ҳаётини хавф остига қўйиб, йўлнинг қатнов қисмида сурункали равишда тиланчилик билан шуғуллангани сабабли оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳақида огоҳлантирилди, деб хабар қилди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Қайд этилишича, 12 январь куни соат тахминан 18:00 да 2003 йилда туғилган, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Ш. A. (она) Самарқанд дарвоза кўчаси бўйлаб йўлнинг қатнов қисмида 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан бирга тиланчилик билан шуғулланган.

Мазкур ҳудудда хизмат олиб борувчи ИИО ходими ундан тиланчилик билан шуғулланмаслигини ва йўлнинг қатнов қисмини фарзандлари билан тарк этишини талаб қилганида, фуқаро Ш. A. ходим билан гап талашиб, қаршилик кўрсатган.

Аниқланишича, Ш. A. доимий равишда 2 нафар вояга етмаган (кичиги 8 ойлик) фарзандидан фойдаланиб, уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, йўлнинг ушбу қисмида транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит қилиб, тиланчилик билан шуғулланиб келган. Мазкур ҳуқуқбузарликлари учун ИИО ходимлари томонидан илгари 11 маротаба расмий огоҳлантирилган.

Аёл мазкур тартиббузарлик такрорланадиган бўлса, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўтарилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти 2019 йилда тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаган.