Тошкент вилоятида бир гуруҳ фуқаролар электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норози бўлиб электр таъминоти корхонасига бориб, жанжал кўтарган. Ушбу вақтда бир аёл корхона ходимига пичоқ билан таҳдид қилгани ҳақида видеохабарлар тарқалди.

Қайд этилишича, 16 январь куни Чирчиқ шаҳар Электр таъминоти корхонасининг диспечерлик пунктида бир гуруҳ аҳоли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норозилик билдирган вақтда, 35 ёшли аёл (В.Н.) безорилик ҳаракатларини олдини олиш чораларини кўрган Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси электр монтёрига қаршилик кўрсатган. Аёл ўзидаги ошхона пичоғи билан уни ўлдириш билан қўрқитиб, таҳдид қилган.

Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан В.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган фуқарога қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳудуддий электр тармоқлари» маълум қилишича, электромонтёр И.Х.га биринчи тиббий психологик ёрдам кўрсатилиб, тан жароҳати етказилмагани аниқланган.