Термиз давлат университети академик лицейи қозонхонасида 16 январь куни портлаш юз бериб, оқибатда икки киши ҳалок бўлган ва яна бир киши тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган эди. «Газета.uz» мухбири ҳодиса гувоҳлари ва жабрланувчиси билан суҳбатлашди.

Лицей қоровули Сафар Равшанов портлаш ва унинг оқибатлари ҳақида гапираркан, воқеадан ҳали ҳам ўзига кела олмаётганини таъкидлайди. Таътил тугашига икки кун қолгани сабабли (кейинчалик таътил яна узайтирилди), ҳодиса юз берган куни барча ўқитувчи ва ходимлар ўқишга тайёргарлик кўриш учун ишга чиққан бўлган.

Сафар Равшанов.Сафар Равшанов.

«Соат эрталабки 10:30 лар эди, мен ётоқхона ёнидаги дарахтларни қордан тозалаётган эдим. Бирдан ишчи аёлларимизнинг бақирган овози эшитилди. Қоп-қора тутун кўтарилган жойга қараб югурдим. Борсам, иккита тана ётибди — юзлари, баданлари куйиб кетган, фақат суяк қисми қолган. Буни гапиришнинг ўзи даҳшат», — дейди у.

Сафар аканинг айтишича, қозонхона эшиги олдида «токни ўчирмоқчи бўлгану, лекин қозонхонага киришга ҳам улгурмай қолган» лицей электригининг, унинг ёнида эса лицей бош ҳисобчисининг танаси куйган ҳолда ётарди. Яқин қариндош бўлган ҳар иккала қурбон, расмий маълумотларга кўра, портлаш зарбидан ҳалок бўлган. Портлаш зарби шу қадар кучли бўлганки, қозонхона қопқоғининг бир қисми учиб, ён томондаги деворни бузиб юборган.

портлаш, термиз, қиш

«Қозонхона бирдан портлаб кетган… Ҳамма қўрқиб кетган, саросимага тушиб қолганди. Лицей раҳбарияти менга жасадларни ўраб қўйишни буюрди. Ётоқхонадан бориб, чойшаб олиб келиб, ўраб қўйдим. 10 дақиқа ичида учта тез ёрдам машинаси етиб келди, кейин раҳбарлар, яна бошқа кўплаб шахслар ҳам келди», — келди дейди қоровул. Ҳодиса юзасидан берилган расмий ахборотда ҳам воқеа жойига, жумладан, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам келгани маълум қилинган эди.

Қозонхонадан сал нарироқда лицейнинг хўжалик ишлари бўйича мудири Нурали Холтўраев ҳушсиз ҳолда ётган бўлган. Қоровул уни ҳам турғазиб, ўзига келтирган. Сўнг уни тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг Сурхондарё филиалига олиб кетишган.

Лицей қоровули Сафар Равшанов портлашнинг икки қурбони — бош ҳисобчи ва электрик қозонхонага нега борганини билмаслигини таъкидлади. Айни вақтда РШТЁИМнинг Сурхондарё вилояти филиалида даволанаётган Нурали Холтўраевнинг таъкидлашича, портлаш музлаб қолган қозонхонани ёқиб, қувурлардаги музларни электр токи ёрдамида эритишга уриниш оқибатида юз берган.

«Ўқувчилар 18 январгача таътилда эди. Таътил бўлса ҳам, котёл (қозонхона)миз ўчирилмади, доимо ёниқ эди. Совуқ бошлангач, котёлда электр муаммо бўлаверди. Электригимиз муаммони ҳал қилолмагач, ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан вакил ҳам чақирган эдик. Кейин газ ўчиб қолган — котёлдан чиққан сув чиққан, қолгани эса қолаверган, оқибатда қувурлар музлаб қолган», — дейди у.

Нурали Холтўраевнинг таъкидлашича, у музлар эримагунича қувурларга ҳам, қозонхонага ҳам тегинмаслик кераклигини айтган. Аммо раҳбарият қозонхонани ёқиш кераклигини айтган. «Котёлни ёқамиз, дейишди. Бош ҳисобчи созлаш учун керак бўладиган маҳсулотларни сотиб олиб беришини айтган эди. Қувурлардаги музларни электр токи орқали эритамиз, деб котёлни ёқишди ва портлаш содир бўлди», — дейди у.

Қайд этиш жоиз, ҳодиса юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан берилган ахборотда портлаш «лицей биносини иситишга мўлжалланган қозонхонада ташқи томон қувурларининг музлаб қолиши оқибатида ортиқча буғ тўпланиб, ички босим юқори даражада ортиб кетиши натижасида» юз бергани таъкидланган.

Портлаш юз берган вақтда Нурали Холтўраев ётоқхона қувурларини кўриб чиқиб, лицей ҳовлиси бўйлаб кетаётган бўлган. «Нима бўлганини, ҳеч нимани эслай олмайман. Ҳушимни йўқотиб, йўлда йиқилиб қолдим. Ўрнимдан турсам, кийимларим ҳўл. Кейин тез ёрдам машинасида олиб кетишди, жароҳатланган оёғимни боғлаб қўйишди. Ҳеч нимани сезмай қолгандим, энди оғриқларни сезяпман. Бошимни кўтаролмаяпман, оёқларим шишиб кетган», — дейди Нурали Холтўраев.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиали шифокори Бобомурод Узоқовнинг сўзларига кўра, Нурали Холтўраевнинг ҳозирги ҳолати қониқарли. «Олиб келинганида юз соҳасида лат ейиш ва ўнг болдир соҳасида ҳам жароҳат бор эди», — деди шифокор. У ҳалок бўлган фуқаролар ҳақида маълумотга эга эмаслиги, уларнинг жасади бу ерга олиб келинмаганини маълум қилди.

портлаш, термиз, қиш

Лицей директори Нилуфар Каримованинг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, унинг ўзи ва ўринбосарлари ҳозирда тергов жараёнларида иштирок этмоқда.

Маълумот учун, ТерДУ лицейидаги портлаш юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлувчи меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.