Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 16 январь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар бермоқда Telegram`даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Қайд этилишича, жамғарма маблағлари 2 та йўналиш бўйича сарфланади:

  • 75 фоизи барча давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантиришга;
  • 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга.

Тиббиёт муассасаси ходимларига моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари қўлланади:

  • ️тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
  • ️янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
  • ️оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар;
  • ️тиббиёт муассасалари барча ходимларига касбий ва бошқа байрамлар муносабати билан бериладиган мукофот пуллари, шунингдек моддий ёрдам пуллари.

Ойлик фоизли устамалар тиббиёт муассасаси ходимларини рейтинг баҳолаш тизими асосида амалга оширилади.

Аввалроқ — 2022 йил май ойида президент фармони билан 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилиши маълум қилинганди.

Бир қанча устамалар ҳам жорий этилиши, 1 сентябрдан бошлаб тиббий-профилактика муассасалари ходимлари илмий даража учун маошининг 30 фоизидан 60 фоизигача қўшимча ойлик олиши ҳам ушбу ўзгаришлар қаторида санаб ўтилганди.

Маълумот учун, сўнгги беш йил ичида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,5 баробар ошган, бироқ мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан фарқ 16,8 фоиздан 26,5 фоизгача кўтарилган. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса тафовут аста-секин қисқарган, аммо 2022 йил январь-март ойларида у беш йил аввалги кўрсаткичга қайтган.