16 даража совуқда кўчада ўтказилган икки соат қўл-оёқнинг жизиллаб қолиши билан ёдда қолади. Оғиз бўшлиғи, ҳудди анестезия таъсири остида қолгандек, ишламай, тилдан қолади. Чиқараётган нафасинг митти муз бўлаклари кўринишида юзингда тўплана бошлайди. Очиқ ҳаво ишлаб, нон топадиганлар учун бу ҳиссиётлар — кундалик ҳақиқат.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ободонлаштириш хизмати ходими Насиба Деҳқонова ҳам шундай ҳақиқат ичида яшайди. Унинг бригадасида 60 киши бор. Аксарияти — 40−50 ёшлардаги аёллар.

Насиба Деҳқонова Янгийўл (Тошкент вилояти)да яшайди. Ҳар куни «Беруний» метро станциясига келади. Иш соат 8:00 дан бошланиб, жадвал бўйича 16:00 да якунланиши керак.

Авваллари бригада учун махсус автобус буюрттириларди, бу транспорт учун ишчилар бир ойда бир пул тўларди. Бироқ шу кунларда хизмат транспорти йўқ.

Насиба Деҳқонова ўзига бириктирилган ҳудудга келиб, чиқиндилар учун мўлжалланган титилиб кетган қоп, белкурак ва супургини қўлга олади. Қишда бу анжомлар ёнига лом ҳам қўшилади. Аёлнинг вазифаси — тротуарлар, кўчалар, автотураргоҳлар, бекатларни тозалаш.

Тротуарларга сепиладиган туз ва қум аралашмаси бунақанги совуқларда иш бермайди — қанча сепсанг ҳам, муз эримайди.

«Беруний» станцияси олдидаги автобус бекатини Насиба опанинг бригадаси кучли қор бўронидан кейинги иккинчи кунда тозалаб олганди. Аммо бир самосвал келиб, бир кузов қорини тўғри бекатга ағдариб кетди. «Энди биз бу ерни яна қайтадан тозалашимиз, халқ эса қийналиши керак», — дейди у.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Улардан сал наридаги бошқа бекатда бригаданинг иккинчи бир қисми ишлаяпти. Ишчи аёллар оёққа резина этиклар, устларига эса бир неча қават кийим кийиб олишган.

Разрядидан келиб чиққан ҳолда, ободонлаштириш хизмати ходими ойига 1,2 млн сўмдан 1,8 млн сўмгача маош олади. Тушлик ва йўл ҳақи ўз ҳисобидан. Бригадирлар ишчиларни соат 19:00 гача ишлашга мажбур қилади, ваҳоланки, шартнома бўйича иш вақти уч соат аввал тугаши керак. Бу аёлларнинг аксарияти Тошкентдан ташқарида яшайди. Ўзига ва яқинларига деярли вақт ажратолмайди.

Ободонлаштириш хизмати ходимлари ишларкан, шу яқин атрофдаги сирпанчиқ плиткада одамлар йиқилаверади. Лойиҳачиларнинг калтабинлиги ва кўчага тош ётқизиш бўйича нормативларга риоя этилмагани оқибатида кўплаб тротуарлар сирпанчиқ бўлиб қолган. Бундан ташқари, қор туфайли одам ўзи билмай тушиб кетиши мумкин бўлган ариқлар ҳам кўринмай қолган.

Пиёдалар тротуарлар хавфсиз бўлишини хоҳлайди. Аммо, ободонлаштириш ходималарининг сўзларига кўра, ажратилган ҳудудни тозалаб чиқиш учну 60 жуфт қўл етарли эмас.

«Мана, кеча биттаси олдимга келиб олиб, роса сўкди. Мен нима ҳам қила оламан?», — деб савол беради Насиба Деҳқонова.

Улар баъзан нафақат кўчадаги одамларнинг, балки ўз бошлиқларининг қўполликлари ва эътиборсизликларига ҳам чидашларига тўғри келади. Насиба опанинг ҳамкасбларидан бири сўзларига кўра, пойтахт ҳокимлиги бепул ош тарқатиш ташаббуси билна чиқишидан бир кун аввал қайсидир бир тадбиркор уларга ош бермоқчи бўлган. Аёллар бепул тушликни олиш истагини билдирганида, бригадирлардан бири уларни сўкиб берган.

«Шундай гапларни эшитгандан кейин бизнинг овқат егимиз ёки ишлагимиз келади, деб ўйлайсизми?», — дейди аёллар.

Қаҳратон ҳамма учун чидамлилик ва инсонийлик синови бўлди, дейди бу аёллар.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Совуқ ҳаво Чорсу бозорининг бир маромдаги ҳаётига ҳам таъсир қилди. Машҳур овқат бозори ҳувиллаб қолган. Ошпазлар идиш-товоқлар ва маҳсулотларни ювишда ишлатган раковиналарни қалин муз босган. Стуллар худди мактаб синфхоналаридаги каби столлар устига кўтариб қўйилган, шу совуқда ҳам ишга чиқишга қарор қилган сотувчиларнинг овози эса бутун бозорни эгаллаган.

Чорсу буюм бозоридаги ярим расталар ҳам бўм-бўш. Мушуклар бошпана ва овқат қидириб югуриб юрибди. Камерани кўрган аравакашлар қочишга уринади. Фақат Искандар Эшонов об-ҳаво унинг ишига қандай таъсир қилгани ҳақида гапиришга рози бўлди.

«Арава, гапга кирмай, сирпаниб кетяпти, лекин юришга юряпти», — дейди у.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Искандар ака — икки талабанинг отаси. Бу совуқлар талабаларнинг тўлов контракти ҳажмини камайтиргани йўқ, аммо отанинг ишига бўлган эҳтиёжни камайтиргани рост. Ўзбекистонда қор ёға бошлагач, бозорга келаётган сотувчи ва харидорлар сони камайган, шунга қарамай «кунлик 70 минг сўм»ни топиш имкони бўлаётганди, дейди у.

Касал бўлиб қолмаслик учун у уч қават иштон, жун пайпоқ ва резина этиклар кийиб олган. Салқиган кўзлари ва совуқдан ёрилиб кетган кафти унинг соғлиғи ва оғир меҳнат шароити ҳақида гапириб турибди.

Чорсу бозори дарвозаси олдида турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бир оёқдан иккинчисига сакраганча, қалтирашини тўхтатишга уринади. Саволларга хоҳламайгина жавоб беради. Оёғидан сув ўтиб кетгани шўралаган пойабзалидан маълум. Унинг икки ҳамкасби ҳам фикр билдиришдан бош тортади. «Раҳбариятдан сўраш керак», — дейди улар.

Сўнгги кунларда пойтахт ҳокимлиги ташаббуси билан Тошкент тўйхоналари ва бошқа жойларда эҳтиёжмандларга, шунингдек, кўчада хизмат олиб бораётган ободонлаштириш хизмати ва ЙПХ ходимларига ош тарқатилмоқда. Бироқ ошга аксарияти уйида овқат пишира олмаётган оддий одамлар ҳам келмоқда.

«Эзидиёр» ресторани эшикларини 13:30 да очиш режалаштирилганига қарамай, соат 13:35 да ош қолмаганди. Эшик олдида бир жуфт Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари турибди. Ошпазларнинг айтишича, одамлар соат 13:00 дан келиб олган ва улар шу қадар кўп бўлганки, дастурхонларни белгиланган вақтдан аввал ясатишга тўғри келган.

Ресторан менежери Аллома Акбаровнинг айтишича, ош 100 кило гуручдан ёки 350 кишига мўлжаллаб тайёрланган эди. Асосий таомдан ташқари дастурхонга аччиқ-чучук салати, нон, иссиқ чой, мевалар ва ширинликлар тортилган. Ошни, хоҳлаганлар, ўзи билан олиб кетиши ҳам мумкин эди.

Одамлар тўйхонадан исиниб, миннатдорлик ҳисси билан чиқди. Улар менежернинг олдига келиб, миннатдорлик билдирди.

Аҳволнинг мураккаблигига қарамай, ҳар бир суҳбатдош, айниқса, кунни қаҳратон кўчада ўтказаётганлар гапни бу қийинчиликлар вақтинчалик экани ва уларни енгиб ўтиш мумкинлиги ҳақидаги сўзлар билан якунлади. «Ишқилиб, бу совуқлар бизни бир-биримизга бепарво қилиб қўймаса бўлгани», — дея қўшимча қилди улар.