Чилонзор туманининг «Чўпонота» маҳалласида жойлашган, Тошкент шаҳар кўзи ожизлар жамияти тассаруфида бўлган 27-сонли кўзи ожизлар ётоқхонаси 1964 йили кўзи ожизлар ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг бўйдоқ ишчиларига ётоқхона сифатида қурилган. Уч қаватли ва 73 хонадан иборат бинода ҳозирда 50 га яқин хўжалик — салкам 140 киши — салкам 50−60 йил аввал бўйдоқ сифатида жойлашиб, сўнг оила қуриб, шу ерда қолиб кетганларнинг оилалари яшайди.

кўзи ожизлар, кўзи ожизлар ётоқхонаси, совуқ, тошкент, электр энергияси, энергия инқирози, қиш

«Лекин мазкур ётоқхона оилавий яшашга умуман яроқсиз», — дейди шу ерда яшовчи Улуғбек Маматхонов. Бу — доимий муаммо, шу кунлардаги энг асосий муаммо эса, Тошкентнинг исталган бошқа жойида бўлгани каби, электр энергияси билан боғлиқ. Ётоқхонада истиқомат қилувчи Тоҳир Холиқовнинг айтишича, «свет» салкам бир ҳафтадан бери шахмат тартибида ўчяпти.

«Сизлар кўриб турган мана бу электр тақсимлаш қурилмасига кўчадаги трансформатордан учта кабель орқали электр олиб келинган. Ёзда биттаси, кейин иккинчиси узилди. Охири учтани иккита, иккитани битта қилдик. Шу боис ушбу қурилмада авария юзага келди. Туман ИИБ ходимлари ёрдами билан кабеллар янгиланди, лекин бу вақтинчалик чора, холос: балки 15 кун ишлар ёки бир ой. Бартараф этамиз, янгилаймиз, деган ваъдалар бўлди, аммо бу гаплар қачон амалга ошишини билмаймиз», — дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, ётоқхонадаги ҳар бир қаватда электрошчитлар мавжуд, аммо улар жуда эскирган. Шунингдек, икки-учта хона битта автоматга уланган. «Автоматларни ҳам янгилаш керак, кўпи эски, тез-тез ишдан чиқиб, ташлаб юборади. Биринчи ўринда бино ичкарисидаги шу каби муаммоларни ҳал этиш зарур», — дейди Тоҳир ака. Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир хонага алоҳида-алоҳида сим тортиб, янги автоматлар ўрнатилмаса, муаммо ҳал бўлмайди.

Кексалар ва болалар бор хонани қандай иситиш ўй-хаёлидан ташқари ош-овқат тайёрлаш ташвиши ҳам бўлган хотин-қизлар эътиборни бошқа бир — газсизликка қаратади. «Хоналардаги ҳарорат ташқаридан деярли фарқ қилмайди. Марҳамат, уйимнинг ичига кириб кўринглар — жуда совуқ. Чироқ бўлмаса чой ҳам, овқат ҳам қилолмаймиз, хоналар ҳам исимайди. Ҳаммаси «свет»га боғланган. Кундуз куни ҳам кўрпани ичида жон сақлаяпмиз», — дейди Маъмура Худоёрова.

Кекса қайнонаси ва уч нафар ёш боласи бирга яшайдиган Оксана Приткова ҳам, чироқ суткалаб ўчаётганини таъкидларкан, Маъмура опанинг сўзларини тасдиқлайди: «Бизда газ йўқ, барча ишлар электр орқали бўлади. Чироқ ўчса, ҳаёт тўхтайди — яшаш йўқ». Яшовчилардан яна бирининг таъкидлашича, ётоқхонада 10 ёшгача бўлган 40 нафар бола бор — «биттаси касал бўлса, ҳаммасига юқади, ҳозир ҳам кўпчилиги касал».

«„Свет“ ёзда ҳам ўчади. Қиш бошланганидан бери ҳар куни ўчяпти. Овқатни фақат электр-плиталарда қиламиз. Кўпинча овқат тайёрлаётганда узилади. Шчитлар авария ҳолатида, портлаб кетса нима бўлади? Қийинчиликларимизни шу ерда яшайдиганларгина билади», — дея қўшимча қилади ётоқхонада 32 йилдан бери истиқомат қилувчи Шарифа Сагатова. Иссиқлик таъминоти кўнгилдагидек ишлаганида вазият ҳозиргидек оғир бўлмасди, аммо таъминот бору, иссиқлик йўқ.

Қизиғи, ётоқхона биносининг шундоққина олдига газ тақсимлаш пункти ўрнатилган, газ қувурлари ҳам ётоқхона деворларига ёпишиб ўтган. «Газ ўрнатиб беринглар, десак, бино авария ҳолатида дейишади. У ҳолда бу ердагиларга уй беринглар, авария ҳолатидаги бинода яшаяпмиз десак, бинонинг „скелети“ яхши, дейишади», — ётоқхона шу каби баҳоналар билан газ таъминотига уланмаётгани айтади Улуғбек Маматхонов.

Юқорида саналганлари — ётоқхона ичкарисидаги муаммолар. Бинонинг ўзи ҳам анча эскирган, масалан, Тоҳир Холиқовнинг айтишича, деворлар юпқалишиб кетган, «кўча тарафи сувалмаган».

«Ётоқхона томини қайсидир йили ҳокимлик таъмирлаб берган. Лекин ҳаммом, ошхоналарни ўзимиз ҳомийлар топиб, таъмирлатганмиз. Ётоқхонадаги ички масалаларни ҳар доим ўзимиз ҳаракат қилиб, ҳал қилиб келганмиз. Электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга эса аралашишимиз мумкин эмас», — дейди Улуғбек Маматхонов.

Унинг қўшимча қилишича, кўзи ожизлар ётоқхонасидаги муаммоларга масъуллар бепарво: «Тепадагиларга бизнинг муаммоларимиз қизиқ эмас, кўзи ожизлар ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди. Муаммони айтиб чиқсак, „сизлар жаннатда яшаяпсизлар“, дейишади».

Бу ётоқхона, эҳтимол, жаннатдир. Фақат бу «жаннат» жуда совуқ, унда баъзан овқат пиширишга ҳам шароит йўқ.