Ноябрь одатдагидан бироз қуруқроқ ва совуқроқ бўлади

Синоптиклар ноябрь одатдагидан бироз қуруқроқ ва совуқроқ бўлишини прогноз қилмоқда. Ой давомида илиқ ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашади. Ҳарорат кечалари +2…+8 даража, кундуз кунлари +5…+18 даражагача ўзгариб туради. Совуқ даврларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги ОТМ талабаларига ўқишни кўчиришга рухсат берилди

Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан Россиянинг Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларда ўқийдиган Ўзбекистонликларга ўқишни истисно тариқасида кўчириш имкони берилди. Аризалар 1 ноябрдан бошлаб my.dtm.uz сайти орқали қабул қилинади.

Қорақалпоғистон воқеаларида иштирок этган яна 35 нафар айбланувчи «жамоат кафиллиги асосида» озодликка чиқарилди

Парламент комиссияси ташаббуси билан яқинлари бағрига қайтарилган айбланувчилар сони 107 нафарга етди. Яна қанча айбланувчи тутқунликда қолаётганига аниқлик киритилмаган.

Тўлов тизимлари ДСҚнинг фискаллаштириш талаби сабабли бир қатор тўлов турларини ўчирди

Солиқ қўмитаси тўлов тизимларидан барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қилди. Юзага келган вазият Ўзбекистондаги электрон тижорат ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Президент имтиёзлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди

Шавкат Мирзиёев имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилишда солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиш, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун преференцияларни бир хиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон президентининг Германия канцлери билан учрашуви масаласи ишлаб чиқилмоқда — ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бурбок билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича Владимир Норов журналистларга мамлакат Германия билан олий даражада мулоқот ўрнатиш, Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашув ташкил этишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

«Навоий-Қоплонбек» ўтказиш пункти 1 ноябрдан эмас, 1 декабрдан ёпилади

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Навоий (Зангиота)-Қоплонбек» автомобиль ўтказиш пунктлари 1 ноябрдан эмас, 1 декабрдан ёпилади. Реконструкция ишлари икки давлат ўтказиш пунктларида бир вақтнинг ўзида бошланади ва якунланади.

Хоразмнинг деярли барча мактабларида бепул тушлик тарқатилмоқда, Қорақалпоғистонда эса бу амалиёт ҳали бошланмаган

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул тушлик тарқатиш бўйича вазифа ижросини таъминлашда камчиликлар аниқланган. Хусусан, ҳукумат қарорни кеч қабул қилгани, маблағнинг камлиги ва мактабларда зарур инфратузилма йўқлиги асосий муаммолар сифатида кўрсатилган.

Октябрь ойида инфляция 1,2 фоизни ташкил этди

Октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2% га етди. Ўтган ойда инфляция хизматлар соҳасида энг кучли бўлган — 1,5%. Озиқ-овқатлар 1,4%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлар эса 0,9%га қимматлашган.

ИИВ муддати ўтган биометрик паспортларни ID-карталарга алмаштиришга чақирди

Ички ишлар вазирлиги фуқароларни муддати ўтган биометрик паспортларини зудлик билан шахсини тасдиқловчи ID-карталарга алмаштиришга чақирди.

Бухорода бино қулаши оқибатида бир киши жароҳатланди

«Когон Қурувчи монтаж» МЧЖга қарашли бинонинг юк конструкциялари (регил плиталари) қулади. Оқибатда қурувчи бўлиб ишлаётган фуқаро жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.

Жиззахда аварияда вафот этган марҳумнинг қариндошлари экспертиза ўтказишга қаршилик қилишди

Жиззах вилояти Дўстлик туманида Lada «Жигули» билан тўқнашди. Оқибатда бир ҳайдовчи ва икки йўловчи вафот этди. Марҳумлардан бирининг қариндошлари экспертиза ўтказилишидан норози бўлиб, ИИО ходимларига қаршилик кўрсатгани айтилмоқда.

Бўстонлиқда уч киши бир йигитни калтаклаб, унга кўкдори сепди

Тармоқларда 3 киши бир йигитни калтаклаб, унга кўкдори (зелёнка) сепгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББ воқеа Бўстонлиқда содир бўлгани ва йигит гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини маълум қилди. Жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Фарғонада қиймати $10 млн бўлган металларга ишлов бериш линияси ишга туширилди

Фарғонадаги Uzsungwoo қўшма корхонасида металларга қиздирилган ҳолда ишлов бериш тармоғи ишга тушди. Натижада 120 та янги иш ўринлари яратилиб, ишлаб чиқариш ҳажми $95 млнга ошди. Янги технологик жараён Tracker ва Оnix автоуловлари учун 20 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга имкон беради.

Тонг вақти Андижон ва Фарғона вилоятида зилзила бўлди

Қирғизистонда содир бўлган зилзила Андижон (Марҳамат ва Булоқбоши туманларида — 2 балл) ва Фарғона (Қувасой ва Хўжаобод туманларида — 2 балл) вилоятида ҳам сезилди.

Қатор шаҳарларда «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» бўлиб ўтади

1−3 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида ислом иқтисодиёти, ҳалол туризм, ислом санъати ва бошқа мавзуларда кўплаб конференция, фестивал, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш режалаштирилган.