Тўлдириш: Тўлов хизматлари сешанба оқшомида аввал ўчирилган тўлов турлари қайта тикланганини маълум қилди.

Payme, Click ва Apelsin каби оммавий тўлов тизимлари 1 ноябрь куни жойида тўловларни ўтказишни (QR-кодни, штрих-кодни сканерлар, Телеграм-каналлар орқали амалга ошириладиган тўловлар ва маркетплейснинг мобил дастурлари билан интеграцияларни) тўхтатиб қўйди. Apelsin мобил дастурида бириктирилган Uzcard ва Humo карталарининг баланси ҳам кўринмаяпти.

Payme мобил дастури ўз фойдаланувчиларига қуйидагича билдиришнома йўллади: «Айни пайтда [Ўзбекистонда] чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар тартибини такомиллаштириш, яъни барча тўловларни фискаллаштириш бўйича (солиқ органлари барча тўловлар ҳақида маълумот олиб тура олиши учун — таҳр.) кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар иқтисодиётдаги яширин айланмани қисқартириш, шунингдек, мазкур соҳада самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган.

1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн-касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради.

«Тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик схемасидан четга оғишлар солиқ органлари томонидан санкциялар қўлланилишига олиб келади. Ушбу вазият туфайли жамоамиз шошилинч равишда техник ишларни амалга ошириши ва қуйидаги хизматларни вақтинча ўчириб туриши талаб этилади: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Payme Go, Telegram-каналларидаги тўлов ва баъзи бошқа тўловлар», — дея маъулм қилди Payme.

Маркетплейслар билан интеграция

Давлат солиқ қўмитаси маркетплейслар билан интеграцияни амалга ошираётганини маълум қилди. Хусусан, товар ва хизматларини электрон тижорат платформалари (маркетплейс) орқали реализация қилувчи тадбиркорлар учун савдо операциясини электрон шаклда ДСҚга юборган ҳолда, фискал белгили чекни тўғридан-тўғри онлайн режимда шакллантириш имкони яратилган.

Маълумот учун: Ўзбекистон қонунчилига кўра, маркетплейс — оператор тизимига боғланиш имкониятига эга бўлган, операторга тақдим қилган чек маълумотлари асосида онлайн режимда фискал белгиларни қабул қилувчи, чекларни электрон шаклда харидорларга юбориш функциясига эга бўлган техника воситаларидан, ахборот технологияларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан фойдаланган ҳолда электрон тўлов ҳужжатлари воситасида нақд ёки нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизимидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 943-сон қарорига мувофиқ, давлат реестрига киритилмаган маркетплейслардан фойдаланилишига йўл қўйилмайди. Маркетплейсни реестрга киритиш учун эса ариза билан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиш лозим.

Маркетплейслар фискал чек маълумотларини камида 5 йил давомида сақлаши ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қилиши, конфиденциаллигини таъминлаши шарт.

Ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларнинг ёки тартибларнинг бузилиши ҳолатлари ҳуқуқбузарларга нисбатан қуйидаги чораларни кўришга сабаб бўлади:

  • Солиқ кодексининг 227−1-моддасига асосан молиявий санкция (солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш — реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима);
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 6-қисмига асосан маъмурий жарима (фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш ва солиқ органларига тегишли ахборот бериш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш — БҲМнинг 100 баравари (1 ноябрь ҳолатига 30 млн сўм) миқдорида жарима).

«Оддий тушунтириш»

ДСҚнинг Telegram-канали вазият юзасидан «оддий тушунтириш» берди.

«Фуқаролар, яъни сиз ва биз харидни амалга оширганимизда чек олишимиз ва ушбу харидни 1 фоизини „кешбэк“ қилиб қайтариб олишимиз лозим. Бу қонуний ҳуқуқимиз ! Шундай экан, мобил иловалар орқали тўлаганда чек ҳам шу иловада берилиши керак-да. Электрон чек учун эса кешбэк автомат ҳисобланади», — дейилади қўмита тушунтиришида.

«Тадбиркорлик субъектлари томонидан фискал белгили чек берилишини талаб қилиш бу нормал ҳолат ва тўғри қабул қилиниши керак деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилинган ДСҚ хабарида.

Нима учун сервислар онлайн-тўловларни ўчирмоқда?

Davletovuz’нинг қайд этишича, QR-код ёрдамидаги тўловлар корхоналар учун электрон тўловларни қабул қилишнинг энг арзон варианти эди.

«Чунки ҳеч қандай харажатга олиб келмаган — тўлов тизимига уланиб, принтерда QR-кодни чиқариб қўйиб, нақдсиз тўловларни қабул қилса бўларди. Нақд пулдан қочиш учун яхши имконият эди, энди яна тадбиркорга ортиқча харажат, истеъмолчига жабр. Гўёки яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўлида танланган ушбу чора Давлат солиқ қўмитасининг «қонун талаблари асосида ишлашимиз керак», деган ақлли баёнотлари билан хаспўшланса керак.

Блогернинг фикрича, ушбу қарор сабаб онлайн-сервислар ва онлайн тўлов тизимлари ривожи зарар кўради. «Одамлар ўз-ўзидан нақд пул билан муомала қилишга ўтади, бир-икки «ақллининг ташаббуслари»ни деб шунча иш бир жойга тиқилади», дея қайд этиб ўтган у.

Asaxiy интернет-дўкони асосчиси Фируз Аллаевнинг сўзларига кўра, ДСҚнинг бу қарори «яна бир ноқулайлик»ни келтириб чиқармоқда.

«Сотувчидан чек талаб қилиниши, ҳар бир сотув солиқ томонидан ҳисобга олинишини тушунаман. Лекин, тўлов тизими шунчаки тўлов қабул қиладиган воситадир. Терминал ёки нақд пул қандай восита бӯлса, тўлов тизими ҳам тўлов қабул қилиш учун восита. Улар маҳсулот сотишмайди, шунчаки пулни сотувчига ечиб беришади яъни виртуал терминал ролини ўйнашади. Бу ҳолатда улардан ҳам чек талаб қилиниши яна бир ноқулайлик, холос», — деб ёзади у.

Унинг фикрича, умумий суммага сотувчи чек берганининг ўзи етарли бўлиши керак.

«Тўлов тизими олган комиссиясидан солиғини тўласин, лекин бу ишлашни мураккаблаштирмасин. Ҳозирги ҳолат солиқдан қочишни янада кучайтиради деб қўрқаман. QR-код орқали тўлов ўрнини картадан-картага ўтказиш ёки шунчаки нақд пул эгаллаши мумкин», — дея таъкидлади тадбиркор.