Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Навоий (Зангиота)-Қоплонбек» автомобиль ўтказиш пунктлари, аввал хабар қилингандек, 1 ноябрдан эмас, 1 декабрдан ёпилади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.

Бу бўйича 28 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари томонидан мазкур ўтказиш пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш тўғрисида келишув амалга оширилган.


Шу муносабат билан 1 ноябрь куни ДБҚ Раиси А.Мавлонов Зангиота автомобиль ўтказиш пункти — «Навоий» чегара божхона постида бўлиб, қурилиш ишлари билан танишди.

Қурилиш реконструкция ишлари икки давлат ўтказиш пунктларида бир вақтнинг ўзида бошланади ва якунланади.

Қайд этилишича, реконструкциядан сўнг «Навоий» чегара божхона постида автотранспортлар учун йўлаклар сони икки баробарга кўпайиб, транспорт воситаларини ўтказувчанлиги суткасига 300 тадан 1000 тагача ошади.


Чегарадан ўтиш вақти 3 маротабагача қисқаради ва ҳайдовчиларга ҳамда йўловчиларга шарт-шароитлар яратилади.

Фуқаролар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари вазиятни тўғри тушуниб, юк автотранспорт воситалари ўтказувчанлик имконияти юқори бўлган «Яллама-Б.Конысбаев» ўтказиш пункти орқали, енгил автотранспорт воситалари ва фуқаролар ўзлари учун қулай бўлган бошқа ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкин, дейилади хабарда.


«Ўз навбатида Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказиш пунктлари реконструкция бўлаётганлиги ҳисобга олиниб, бошқа ўтказиш пунктларида тирбандликларни олдини олишга қаратилган куч ва воситаларни сафарбар этиш чоралари кўрилди. Пост ва унга элтувчи йўллар, туташ ҳудудлар кўздан кечирилиб, „Навоий“ чегара божхона постини янада кенгайтириш имкониятлари таҳлил қилинди», — дея қайд этилган хабарда.