Жорий йилнинг октябрь ойида истеъмол бозоридаги нархларнинг ўртача даражаси 1,2% га ошди, дея хабар берди Статистика қўмитаси.

Ўтган 9 ой давомида истеъмол бозорида нархларнинг ўсиш суръати 9,4% га етди, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,9%ни ташкил этди. Йиллик нисбатда истеъмол секторида нархларнинг ўсиш суръати 12,2% ни ташкил этди.

Бунда нархлар ошиши бўйича етакчилик хизматларга тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,5% га ошди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ушбу даврда 1,4% га, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари эса ой давомида 0,9% га ошди.

Жорий йилнинг октябрида озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилнинг охирига нисбатан (11,5%) нархлар ошиши бўйича етакчиликни сақлаб қолди ва улар нархларининг январь-октябрдаги ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1% ни ташкил этди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари ушбу даврда 8,9% га ошди, ўртача ойлик ўсиш суръати 0,9% ни ташкил этди. Хизматлар нархларининг ўсиш суръати йилнинг январь-октябрида 6,4% га етди ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6% ни ташкил этди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотларининг йилик нисбатдаги нархларининг ўсиш суръати 15,9% га етиб, ушбу гуруҳнинг мутлақ етакчилигини таъминлади. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва пуллик хизматлар ушбу даврда мос равишда 10,7% ва 7,5% га қимматлашган.

Ойлик нисбатда нархлар ошиши бўйича сут, бошқа сут маҳсулотлари ва тухум (4,2%) сезиларли устунлик билан етакчилик қилди. Нархлар ошиши бўйича кейинги ўринлар сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккалилар (1,5%), гўшт маҳсулотларига (1,2%) тегишли бўлди. Бир ойда нархлар ошиши бўйича бир фоизлик чегарадан, шунингдек, донли экинлар ва ёрма маҳсулотлари (1,1%) ошиб ўтди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари (мева-сабзавотлардан ташқари) орасида тухум (14,4%) нархлар ошишида сезиларли устунлик билан етакчи бўлди.