1 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича у журналистлар билан мулоқот қилди. Вазирлик матбуот хизмати учрашув тафсилотларини эълон қилди.

«Ўзбекистон — Германия муносабатлари, алоқаларимиз, жумладан, олий дараждаги мулоқот сўнгги йилларда янада ишончли ва тизимли, ижобий суръатларда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдик», — деди Владимир Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири жорий йилнинг ўзида икки давлат раҳбарларининг икки марта (14 март ва 29 август кунлари) «мазмунли ва самарали телефон мулоқоти» бўлиб ўтганини, уларда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.

«Биз олий даражадаги мулоқотни янада ривожлантириш ва Германия Федератив Республикасининг амалдаги канцлери Олаф Шольц билан учрашув ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқишдан манфаатдормиз», — деди вазир.

Вазир, шунингдек, музокаралар чоғида томонлар минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик, Афғонистонда барқарор тинчлик ва тараққиётни таъминлаш ҳамда Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашганини маълум қилди.

«Ушбу масалаларнинг кўпчилиги бўйича томонларнинг позиция ва ёндашувлари ўхшашлиги қайд этилди», — деди Владимир Норов.

Музокаралар чоғида вазирлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Германия Инсон ҳуқуқлари институти ўртасида мулоқот ўрнатиш тарафдори бўлишди. Владимир Норов германиялик экспертларни 5−6 декабрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим глобал форумига таклиф қилди.

Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, хусусан, «Яшил макон» миллий дастури ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

Анналена Бурбок Ўзбекистоннинг Орол денгизи инқирози оқибатларига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.