Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди, деб хабар берди ДТМ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилади.

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар жорий йилнинг 1 ноябридан 20 ноябрига қадар (шу куни ҳам) Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти («Россия Федерациясидан ўқишни кўчириш» бўлими) орқали қабул қилинади.

Талабаларнинг ҳақиқатда муайян ОТМда таҳсил олганлигини текшириш 2022 йил 25 ноябрдан 15 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, ўқишини кўчиришга рухсат бериш бўйича қарор республика ОТМларининг идоравий бўйсунувидан қатъи назар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Фуқароларнинг РФдаги муайян ОТМда ҳақиқатда ўқиётганлиги аниқланмаса уларнинг ўқиши кўчирилмайди.

Шунингдек, ўқиши кўчирилган талабаларнинг ўқишини мос курсдан давом эттиришига истисно тариқасида рухсат берилади. Бунда аниқланган фанлар фарқи 2022−2023-ўқув йили давомида бепул топширилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 октябрь куни Украинага чегарадош ҳудуддаги Россиянинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни кўчиришни сўраб Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганди. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганди.