Жорий ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали бошланмаган, дея хабар бермоқда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

«Юксалиш» cентябрь охирида Давлат дастурининг 211-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифаси жойига чиққан ҳолда ўрганган. Мониторинг давомида мазкур амалиётни йўлга қўйишда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

Умуммиллий ҳаракат вакилларининг қайд этишича, бепул овқат билан таъминлашнинг ўз вақтида ташкил этилмаганлигининг асосий сабаблари сифатида ҳукумат қарорининг кеч қабул қилинганлиги ва тасдиқланган таомномага мувофиқ ҳар бир ўқувчига ажратилган маблағ миқдори тадбиркорларда кам қизиқиш уйғотганлигини келтириш мумкин.

«Шунингдек, маҳсулотлар сифати, уларни сақлаш ва санитария талабларига риоя этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим. Ўтган ўқув йили давомида муддати ўтган маҳсулотлар тарқатилганлиги ҳолатлари аниқланган ва бу ота-оналарнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлган», — дейилади ташкилот хулосасида.

«Юксалиш»нинг қўшимча қилишича, минтақа мактабларида зарур инфратузилманинг мавжуд эмаслиги ҳам амалиётни тўлиқ татбиқ этиш имконини бермаяпти. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тасарруфида жами 1 275 та умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 856 тасида ошхоналар (472 та ошхона ва 384 та буфет) мавжуд. Мавжуд ошхоналарнинг 289 таси таъмирталаб, 419 та мактабда эса ошхона ёки буфет мавжуд эмас.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб бериш жараёни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 2022 йилнинг февраль ойида бошланганди. Бунда 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган эди.