1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилган имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бизнес бошлаш, ночор корхоналар ёки чекка ҳудудларнинг «оёққа туриб олиши» ва янги экспорт бозорларига кириши учун охирги йилларда бир қатор имтиёзлар жорий этилди. 2021 йилда уларнинг жами ҳажми 51 трлн сўмни ташкил қилган. Натижада ўтган йили 170 мингта янги тадбиркорлик субъекти очилган, 500 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.

Охирги олти йилда биргина солиқ соҳасида 1400 га яқин имтиёзлар тақдим этилган.

Экспортни қўллаб-қувватлаш учун биргина 2021 йилда 280 млрд сўмдан ортиқ шундай субсидиялар ажратилган бўлиб, унинг 220 млрдга яқини экспорт бўйича транспорт харажатларига йўналтирилган. Натижада 2800 та корхона илк бор ташқи бозорга чиққан.

Шунингдек, экспортчи корхоналарга халқаро стандартлаш ва сертификациялаш, суғурта ва ҳатто реклама харажатлари қисман қоплаб берилмоқда. Натижада электр техникаси тармоғида берилган ҳар бир сўм субсидия эвазига 870 сўмлик экспорт амалга оширилган. Бу кўрсаткич тўқимачилик соҳасида 555 сўм, қурилиш материаллари соҳасида 273 сўмни ташкил этган.

Тадбиркорларга кўмаклашиш учун кредит фоизларини компенсация қилиш ва кредит кафолатлари бериш тизими яратилди. Уларга кредит юкламаларини камайтириш мақсадида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 6,1 трлн сўмлик мажбуриятлар олинган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 2,5 трлн сўмлик компенсациялар тўлаб берилган.

«Лекин жойларда имтиёзлардан самарасиз ёки мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Масалан, давлат бюджетидан 127 турдаги субсидиялар жорий этилган бўлса-да, амалда уларнинг 15 тасидан фойдаланилмаяпти», — дейилади хабарда.

Президент йиғилишда имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

«Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларига туртки бериш учун илгари тарихимизда бўлмаган имтиёзларни жорий этишга мажбур бўлдик. Бугун улардан натижа, сабоқ, тажриба қандай бўлди, деган саволга жавоб топиш керак. Бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китобини жойига қўйиш, имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг натижадорлиги кўрсаткичларини белгилаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди. Ҳисоб палатасида мониторинг бўлими ташкил этиб, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиб, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун берилган имтиёзларни бир хиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳудудлар кесимида олганда, солиқ имтиёзларининг 31 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон, Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг улуши 2 фоиздан ошмайди. Лекин Сурхондарёнинг Олтинсой туманида ҳам, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам тадбиркорлар учун белгиланган талаблар, солиқлар, имтиёзлар, субсидия, компенсация ва преференциялар бир хил.

Шу боис президент солиқ имтиёзларини ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгилаш бўйича кўрсатма берди.

«Энди жойларга бориб, манзилли қарорлар қабул қилиб, имтиёзлардан тўғри фойдаланиб, чекка-чекка туманларни ҳам ривожланиш йўлига олиб чиқиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг бу борада хабардорлигини ошириб, имтиёзлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиб, барча имтиёзларни босқичма-босқич шу орқали бериш таклифи билдирилди.