Ички ишлар вазирлиги фуқароларга муддати тугаган биометрик паспортларни кечиктирмаган ҳолда идентификацион ID-карталарга алмаштиришларини сўраб мурожаат қилди.

Бошқарманинг эслатишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан Ўзбекистон фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, фуқаролик паспортлари ўрнини босувчи ID-карталар 2021 йил январидан берила бошланганди. 2022 йил январь ойидан бошлаб уни Ички ишлар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари билан бир қаторда пойтахт ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларидаги Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам бериш йўлга қўйилганди.

ID-картани олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжатларни тақдим этиш шарт эмас, фақат паспорт, ариза ва давлат божини тўлаш кифоя.

Амалдаги фуқаролик паспорти 2030 йил 31 декабргача амал қилади. Уларни ID-карталарга алмаштириш 2022 йил 31 декабргача ихтиёрий, 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.