28 октябрь куни Жиззах вилояти Дўстлик туманида икки машина тўқнашиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, туманнинг «Олтин водий» МФЙ ҳудудидан ўтган «Гагарин — Дўстлик» 4Р-35 йўлининг 64-километрида соат 22:00 ларда Тошкентнинг Сирғали туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lada Vesta автомашинаси Мирзачўл туманининг Ғалаба маҳалласида истиқомат қилувчи шахс бошқарувидаги «ВАЗ-2102» русумли автоуловга тўқнашиб кетди.

Оқибатда Lada Vesta салонида бўлган, Шароф Рашидов тумани Қангли маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган фуқаро олинган тан жароҳатлари ҳалок бўлди. «ВАЗ-2102» ҳайдовчиси ҳамда мазкур автоулов салонида бўлган Мирзачўл тумани Мирзадала ШФЙда яшаган йўловчи ҳам шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этди.

Таъкидланишича, марҳумлар белгиланган тартибга кўра суд тиббий кўригидан ўтказилаётганида вафот этганлардан бирининг қариндошлари экспертиза ўтказилишига қаршилик қилган. Шу боис тиббий муассасада тартибни сақлаш учун ички ишлар органлари ходимлари жалб қилинган.

Марҳумнинг яқинлари соҳа вакилларининг тушунтиришларига қарамасдан суд тиббий экспертиза биносининг эшик ва деразаларини бузишга уринишган, қолаверса улар ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266- моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.