1−3 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» ўтказилади. 31 октябрь куни Самарқандда мазкур ҳафталикка бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Матбуот анжуманида халқаро ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини юзага чиқариш, мамлакатни жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ҳамда туризм экспортини оширишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, туризм ҳафталиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Ҳафталикка Абу Дабидаги Тоба муассасаси раиси Ал-Ҳабиб Али ал-Жаъфарий, Al Nadwa Ислом маданияти ва фани ассоциацияси раҳбари Билол Ал Будур, Корея мусулмонлар федерацияси президенти Ким Донг Ёк, Halal Italy Development президенти, «Ҳалол» фан ва технологиялари институти директори Карим Кристиан Бенвенуто ва бошқа 50 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.

Ҳафталик доирасида Самарқандда «Замонавий исломий меъморчилик» кўргазмаси, «Кўнгил оҳанглари» фестивали, «Марказий Осиё — Ислом санъати маркази» халқаро форуми каби тадбирлар ўтказилади.

Бухорода «Мир Араб битирувчилари» форуми, «Ўзбекистон исломий мероси» конференцияси, «Ислом наққошлиги ва хаттотлик» кўргазмаси ва бошқалар бўлиб ўтади. Хоразмда эса «Хива — Ислом олами туризм пойтахти»га бағишланган Хоразм — ислом меъроси конференцияси, «Хива — ислом санъати» рассомлар кўргазмаси каби тадбирлар ўтказилади.

Халқаро Зиёрат туризм ҳафталиги дастуридан Тошкентда «Ислом иқтисодиёти» давра суҳбати, «Миллий либослар» кўргазмаси, «Ҳалол туризм» конференцияси, «Ҳалол таомлар» фестивали каби тадбирлар ҳам ўрин олган.

Маълумот учун, «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» Ўзбекистон президентининг 2022 йил 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 232-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги «Халқаро зиёрат туризми ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 282-сонли қарори асосида ташкил этилмоқда.