Ўзгидромет ноябрь ойи учун тахминий прогнозларини эълон қилди. Иқлим маълумотлари ва жаҳон прогноз марказларининг прогностик маълумотларидан фойдаланган ҳолда синоптикларнинг дастлабки баҳолишига кўра, ушбу йилнинг ноябрь ойи одатдагидан бироз қуруқроқ ва совуқроқ бўлади.

Қайд этилишича, ноябрь ойининг ўртача ҳарорати одатда октябрга нисбатан 5−7 даражага паст бўлади. Ёғингарчилик тез-тез, узоқ давом этади ва жадал бўлади. Ноябрда ёмғирни қорга айланиш ҳолатлари одатий ҳолдир. Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда биринчи қор қоплами ҳосил бўлмоқда, одатда бу қоплам беқарор бўлади.

Айрим йилларда ноябрь ойининг энг илиқ кунларида ҳаво ҳарорати +22…+27 даражагача кўтарилади. Бироқ, кўпинча ойнинг биринчи ярмида кундузги ҳарорат +13…+18 даража, иккинчи ярмида эса +8…+13 даража атрофида бўлади.

Ўтган асрнинг ўрталаригача бўлган энг совуқ ноябр ойларида ҳаво ҳарорати баъзан −13…−18 даражагача ва ундан ҳам пастроққа, шимолда эса −22…−27 даражагача пасайган. Сўнгги 50 йил ичида Ўзбекистон бўйича ноябрь ойида бундай совуқлар кузатилмаган. Камдан кам кечаларда ҳарорат −5…−7 даражагача, шимолда −14…−16 даражагача пасаяди. Фақат 2016 ва 2020 йиллардаги ноябр ойларининг сўнгги ўн кунлигида −9…−12 даража совуқга, шимолда −20…−23 даража совуқга етди.

Ўзгидрометнинг дастлабки баҳолишига кўра, 1 ноябрь куни республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати +17…+20 даража илиқ бўлган қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бироқ 2 ноябрдан республика бўйича ҳаво совуқлашади, ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади.

Кейинчалик Ўзбекистонда ноябрь ойининг биринчи ҳафтаси давомида беқарор об-ҳаво кутилмоқда, +12…+15 даражада илиқ атрофида бўлган нисбатан салқин ҳарорат фонида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, нисбатан сезиларли совуқ тушиши кутилмоқда.

Кейинчалик илиқ ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашади ва ҳарорат кечалари +5…+8 даража илиқдан +2…+5 даражагача, кундуз кунлари +15…+18 дан +5…+8 даражагача ўзгариб туради. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, совуқ даврларда қорга айланади.